Конимехда “Каштачилик мактаби” ўқув курси
Каштачилик миллий ҳунармандчилик санъатининг бир тури бўлиб, унда нафислик, ўткир ва ёрқин ранглар акс этади, нақшлар хилма-хиллиги киши қалбини тўлқинлантиради.
Миллий каштачилик ва сўзана санъатида ўсимликсимон ва гуллар тасвири туширилган нақш композициялари кенг қўлланилади, Анор, аноргул, бодомгул сингари нақшлар бардавомлигини таъминлашга эътибор қаратилади. Айтишларича, кашталардаги анор, бодом шаклли нақшлар серфарзандлик, бахт, меҳр-муҳаббат, тотувлик маъноларини англатади.
Шу кунга қадар Навоий вилоят прокуратураси, вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамкорлигида Қизилтепа, Навбаҳор туманлари ҳамда Навоий шаҳридаги 2-секторга қарашли маҳаллалардаги “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун “Каштачилик мактаби” махсус ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.

– Касаначиликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил этиш орқали норасмий бандликни қисқартириш ва маҳаллаларда иш билан банд бўлмаган фуқароларни фойдали меҳнатга жалб қилиш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Навоий вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулсанам Норова. – Бунда Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Қарорда хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, такомиллаштириш, бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, касаначиликни ривожлантириш белгилаб берилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Конимех туманидаги “Юксалиш” МФЙдан 10 нафар, “Шўртепа” МФЙдан 6 нафар ва “Саржал” МФЙдан 15 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилиб, “Каштачилик мактаби” махсус ўқув курси бошланди.

– Ўзим кашта тикишга қизиқаман, аммо уни ўрганиш учун имконим йўқ эди, – дейди Юксалиш маҳалласида яшовчи Гулзира Рустамова. – Маҳаллада ташкил этилаётган ўқув курси менга жуда қулай. Уйим яқин ва энди мен бемалол каштачилик ва унинг сирларини тўлиқ ўрганишим мумкин.
Ўқув курси давомида хотин-қизлар белгиланган 60 соатлик дастур асосида ўқитилади ҳамда малакали каштачи-касаначилар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири