Кончи-металлурглар касб байрамини нишонламоқда
Мамлакатимизда май ойининг учинчи якшанбаси Ўзбекистон кончилик металлургия саноати ходимлари куни.
Ушбу санани Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси бир қатор ютуқлар билан кутиб олди.
Жумладан, давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан эълон қилинган 2020 йилнинг энг кўп фойда олган корхоналар рўйхатида комбинат ҳам бўлиб, жамоа ўтган йилни 3,9 триллион сўм фойда билан якунлади.
Комбинат жорий йилнинг 1-чорагида ҳам ушбу суръатни сақлаб қолган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш режасини 112,9 фоизга, экспорт режасини эса 160 фоизга бажаришга эришди.
Олмалиқ шаҳрида кончи-металлурглар кунида ўзгача бир байрамона шукуҳ ҳукмрон.
Кончи-металлурглар байрами муносабати билан Олмалиқ шаҳридаги “Олтин олма” хиёбонида уч кун мобайнида таниқли эстрада хонандалари иштирокида концерт дастурлари ташкил этилди. Халқ сайллари ва кўнгилочар тадбирлар олмалиқликларга ҳақиқий байрамона кайфият бағишлади.

Байрам тадбирлари доирасида жажжи болажонлар учун ҳам концерти ташкил этилди.
Комбинат меҳнат жамоаси учун байрам тадбири тўлиқ реконструкция қилинган санаторий-профилакаторий ҳовлисида ўтказилди.
Байрам муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда комбинат бошқарув раиси меҳнат жамоасининг эришган ютуқларини эътироф этиб, илғор ишчи-ходимларга “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Комбинатнинг 38 мингдан зиёд ишчи ходимларига бир марталик пул мукофоти берилди.
Байрам тадбирида “Металлург” маданият саройи ҳаваскорлик гуруҳлари ва таниқли санаъткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Айём арафасида комбинат меҳнат аҳли учун бир қатор объектлар ҳам фойдаланишга топширилди. Хусусан, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатликларини тиклаши учун замонавий санаторий-профилакторий тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, комбинатнинг саноат темирйўл транспорт бошқармаси меҳнат жамоаси учун ёзги “Байрамлар уйи” ҳам фойдаланишга топширилди.
Мазкур объектларнинг Ўзбекистон кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни арафасида фойдаланишга топширилиши ишчи-ходимларга ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
ЎзА