Комплекс баҳолаш гуруҳи фаолияти йўлга қўйилади
Урганч шаҳрида 3-18 ёшдаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни янги тизим асосида комплекс баҳолаш бошланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Урганч шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳузурида тузилган янги гуруҳ махсус педагог, психолог ва ижтимоий ходимлари баҳолаш методикалари ҳамда edu.ihma.uz платформасида ишлаш бўйича амалий тайёргарликдан ўтказилди.
Таълим ташкилотлари раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, болаларни комплекс баҳолаш ва тегишли таълим шаклига йўналтириш тартиби тушунтирилди.
– Баҳолаш жараёнида махсус педагог, психолог ва маҳалладаги ижтимоий ходим боланинг таълим олиш имкониятлари, ривожланиши, мулоқоти, хулқ-атвори, оилавий ва ижтимоий муҳитини комплекс ўрганади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси шуъба мудири Шоҳрух Бекчанов. – Жараёнда ота-она ёки қонуний вакил иштирок этади, заруратга кўра тиббиёт мутахассислари ҳам жалб қилинади. Мақсад ҳар бир болага унинг индивидуал эҳтиёж ва имкониятларидан келиб чиқиб, сифатли таълим олиши учун мос шароит яратишдан иборат.
[gallery-31953]
Болани комплекс баҳолаш гуруҳлари давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 4 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, вилоятдаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳузурида ташкил этилиши белгиланган бўлиб, кейинги ойдан Янгибозор, Қўшкўпир туманлари ва Хива шаҳрида, декабр ойидан бошлаб қолган туманларда ҳам ўз фаолиятини бошлайди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари