Коммунал хўжалик қишга тайёрми?
Кузнинг сўнгги ойи учинчи ўн кунлиги об-ҳавоси бироз илиқ келди. Гидрометеорология маркази маълумотларга кўра, 29 ноябрдан юртимизда ёмғир, қор ёғиб ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда. Демак қиш совуғи билан бошланади.
Юртимизда тақвим бўйича қиш декабрда бошлангани билан ҳаво ҳарорати куз ойларида пасайганидаёқ уй ва иш жойлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, умуман, бино ва иншоотларни иситишга эҳтиёж сезамиз. Иссиқлик, электр ва газ таъминотига талаб ошади. Айни чоғда ҳам аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектларида иситиш мавсуми бошланган. Иссиқлик таъминоти мавжуд ҳудудларда бу тизимдан фойдаланилмоқда, йўқларида эса муқобил иситиш манбалари ишга солинмоқда.
Самарқанд вилоятида бугунги кунда 88 минг 352 хонадондан иборат 2500 та кўп қаватли уй бор. Икки қаватдан 25 қаватгача бўлган бу уйларнинг асосий қисми ўтган асрда қурилган. Табиийки, уларнинг муҳандислик коммуникация тармоқлари ҳам ўша пайтда ташкил этилган ва эндиликда босқичма-босқич янгиланмоқда.

– Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси фаолияти такомиллаштирилиши натижасида бугунги кунда вилоятимизда 48 та бошқарув сервис компанияси ташкил этилиб, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда, – дейди Самарқанд вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматов. – Шу билан бирга 17 та уй-жой мулкдорлари ширкати фаолият кўрсатиб турибди. Бошқарув сервис компаниялари ва ширкатлар томонидан жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида 8 миллиард 195 миллион сўм маблағ ҳисобидан 543 та кўп кўп квартирали уйда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 198 та уйнинг 33,6 минг метр квадрат том қисми, 408 та кириш йўлаги, 122 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари, 95 та уйнинг ертўласи, 60 та уйнинг ташқи томони капитал ва жорий таъмирланди. 3283 та электр шит таъмирланиб, тартибга келтирилди. Йўлакларга 173 та кодли қулфли темир эшик ўрнатилди. Кўп қаватли уйларда бир мингга яқин энерготежамкор сенсор чироқлар ўрнатилди.
Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларни иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти билан таъминлаш мақсадида марказий қозонхонани модернизациялаш ишлари якунига етказилди. Яна битта шундай қозонхонада ишлар давом этмоқда.
Бундан ташқари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли учун зарур шароит яратиш мақсадида 2 та болалар майдончаси қурилди, 24 таси таъмирдан чиқарилди. 2,400 минг метр квадрат йўлакларга бетон қоплама ётқизилди. 162 та ташқи ёритиш чироғи ўрнатилди. 12 та айвонча қурилиб, 11 та артезиан қудуқ қазилди.

Бу ишларнинг амалга оширилгани яхши, албатта. Аммо совуқ кунларда аҳоли хонадони иссиқ бўлиши, электр ва газ таъминотида узилиш бўлмаслигини истайди. Тўғри, кейинги йилларда электр энергияси ва табиий газ таъминотида бироз тартиб ўрнатилди. Лекин иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, Самарқанд шаҳар марказий иситиш тизими ишдан чиқиб, бир неча йилдан буён мазкур тармоқни модернизациялаш ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳарда ўтган асрнинг 90 йилларигача қурилган кўп қаватли уйлар асосан марказий иситиш тизими орқали иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминланган. Кейинги йилларда мазкур тармоқ ишламагани сабабли аҳоли хонадонини электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиб иситиб келмоқда. Кимёгарлар қўрғони, Фарҳод шаҳарчаси, Сартепа ва Сўғдиёна массивларидаги кўп қаватли уйларда бир неча йилдан буён иссиқлик таъминоти мавжуд эмас.
Сўнгги ўн йилликда қурилган кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг ҳар бирида индивидуал иситиш қозонлари ўрнатилиб, бу борадаги муаммоларга барҳам берилган. Шаҳардаги яна айрим кўп қаватли уйларда алоҳида қозонхона ўрнатилиб, иссиқ сув ва иссиқлик манбаи билан таъминлаш йўлга қўйилганди. Лекин бу тажриба ҳам тўла ўзини оқламагани боис кенг қўлланилмаяпти.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси масъулларининг қайд этишича, шаҳардаги марказий қозонхона ва иситиш тармоқлари модернизацияси келгуси йилда якунига етгач, кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти 80 фоизгача қопланади. Лекин унгача яна бир қиш бор.

Каттақўрғон шаҳридаги 260 та кўп қаватли уйда яшовчи аҳолини ҳам бир неча йилдан буён шу муаммо қийнайди. Ҳартугул бу йил Ватанпарвар ва Амир Темур маҳаллаларида тўрт ва беш қаватли 20 та уйдаги мингдан зиёд хонадонни марказлашган иссиқлик билан таъминлаш учун локал қозонхона қуриш режалаштирилибди. Салкам 3,5 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа бўйича ишларни январь ойида якунлаш кўзда тутилган. Агар мазкур тизим ўзини оқласа, кейинги йилларда бошқа уйларда ҳам шундай қозонхоналар ўрнатилар экан. Унгача эса аҳоли хонадонларини электр энергияси ва табиий газ билан иситиб туришга тўғри келади. Лекин табиий газ кўп қаватли уйларга фақатгина хонадондаги газ плитаси учун етказиб берилишини ҳисобга олсак, асосий юк электр тармоқларига тушиши аён бўлади.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиалидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида вилоятда 3051,8 километр электр узатиш тармоқлари, 1243 дона трансформатор пункти мукаммал ҳамда 7021,9 километр электр узатиш тармоқлари ва 2116 та трансформатор пункти жорий таъмирдан чиқарилган.
Мавсумни беталофат ўтказиш ва аварияларни тезкор бартараф қилиш учун турли қувватдаги трансформаторлар, 15 километр кабел ва сим, 500 дона темир- бетон устун, 50 дона автомат, 60 тонна трансформатор мойи ва бошқа зарур воситалар захираси яратилган. 542 нафар ишчи ва 42 та махсус техникадан иборат 84 та авария бригадаси шакллантирилган.
Хуллас, ҳозирча барча ҳисобот ва маълумотномаларда мавсумга ҳар томонлама тайёргарлик кўрилгани ва ҳокимликлар, коммунал соҳа идораларида штаблар ташкил этилгани қайд этилмоқда. Бу ишларнинг қандай натижада бериши, самараси эса узоқ эмас, яқин кунларда яққол кўриниши аниқ. Ишқилиб, ўша пайтда масъуллар ер чизиб қолмаса бўлгани.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири