Коммунал қарздорликларни ундириш бўйича назорат ва амалий тадбирлар жадаллашмоқда
Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари Х. Очилов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Наманган вилоятида бўлиб, суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ўрганишлар давомида, айниқса, коммунал қарздорликни ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича Бюро бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан олиб борилаётган кунлик тадбирлар атрофлича таҳлил қилинди. Берилган амалий кўмак ва амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида соҳада бир қатор ижобий кўрсаткичларга эришилди.
Жумладан, коммунал ташкилотлар фойдасига ундирувга оид умумий қиймати 994,5 миллион сўмлик 160 та ижро ҳужжати тамомланди. Уларнинг асосий қисмини электр энергияси бўйича 745,6 миллион сўмлик 31 та, табиий газ бўйича 154,2 миллион сўмлик 39 та ва ичимлик суви бўйича 94,8 миллион сўмлик 90 та ижро ҳужжати ташкил этади. Шунингдек, иссиқлик таъминоти бўйича 2,3 миллион сўмлик 2 та ҳамда БСК бўйича 0,6 миллион сўмлик 1 та ижро ҳужжати якунланди.

Шу билан бирга, манзилли тадбирлар давомида 917,3 миллион сўмлик 151 та ижро ҳужжати бўйича маблағлар амалда ундирилди.
Муқаддам “Мажбуриятлар реестри”га киритилган коммунал ундирувлар бўйича қарздорларнинг манзилларига чиқиб ўрганилди ва жами 366,1 миллион сўмлик 29 та ҳужжат бўйича тўловлар таъминланиб, улар Реестрдан чиқарилди.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздорларга тегишли 15 та мол-мулк хатланди. Шундан электр энергиясига оид ижро ҳужжатлари бўйича 9 та ва табиий газ қарздорлиги бўйича 6 та мол-мулк хатловга олинган бўлиб, айни пайтда уларни реализация қилиш чоралари кўрилмоқда.
Мазкур тизимли ишлар коммунал хизматлар соҳасидаги қарздорликни қисқартириш ва ундирув самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА