Кўмир саноатида янги тартиб: бозор механизми амалиётда қандай ишлаяпти?
Кўмир саноатида бозор механизмларини жорий этиш, аҳоли эҳтиёжлари учун маҳаллий кўмир етказиб бериш тизимини такомиллаштириш ва ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги тартиблари амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Янги тизим маҳсулотни ҳудудлар кесимида тақсимлаш, уни биржа савдолари орқали реализация қилиш ҳамда аҳолига етказиб бериш жараёнларини рақамлаштиришни назарда тутади.
Бу жараёнлар “Ўзбеккўмир” АЖнинг Ангрен кўмир конида ҳам изчил давом этмоқда. Журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-тур давомида кўмирни қазиб олишдан тортиб, саралаш, юклаш ва истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган жараёнлар билан танишиш имкони яратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги “Кўмир саноатида бозор механизмлари жорий этилиши муносабати билан ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан аҳолига кўмир етказиб бериш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари белгиланди. Унга мувофиқ, маҳсулотни ҳудудлар кесимида тақсимлаш, кўмирни биржа савдоларига чиқариш, хусусий тадбиркорлар орқали аҳолига етказиб бериш ҳамда сотув жараёнларини рақамли платформа орқали очиқ ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Пресс-тур доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида мутахассислар томонидан атрофлича маълумот берилди. Қайд этилганидек, аҳоли эҳтиёжлари учун “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан етказиб берилаётган кўмир маҳсулотини ҳудудлар кесимида тақсимлаш ва биржа савдоларига чиқариш ишлари босқичма-босқич амалга ошириляпти.

– Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари аҳолиси эҳтиёжлари учун биржа савдоларига чиқарилган маҳаллий кўмирнинг дастлабки партиялари хусусий тадбиркорлар томонидан харид қилинган, – дейди "Ўзбеккўмир" АЖ маркетинг ва маҳсулот етказиб бериш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Кўчимов. – Ҳозирда шартномаларни расмийлаштириш ва маҳсулотни белгиланган ҳудудларга етказиб бериш ишлари давом этмоқда. Кўмир омборларга етказилганидан сўнг уни аҳолига сотиш тадбиркорлар томонидан mycoal.uz электрон платформаси орқали ташкил этилади. Сотув бошланадиган сана, омбор манзили, мавжуд маҳсулот миқдори ва бошқа зарур маълумотлар платформада ҳудудлар кесимида очиқ эълон қилиб борилади. Муҳими, янги тартибда кўмирни тақсимлаш ва сотиш жараёнида очиқликни таъминлаш, аҳоли учун зарур маълумотларни рақамли платформа орқали етказиш ҳамда маҳсулотни белгиланган ҳудудларга етказиб бериш механизмини такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда аҳолини маҳаллий кўмир билан таъминлаш, аввало, унинг етарли ҳажмда қазиб олиниши ва истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб берилишини тақозо этади. “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 2026 йилда 5,8 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Жорий йилда корхонада қазиб олиш билан бир қаторда коннинг устки қатламларини очиш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва маҳсулот сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан дастлабки саккиз ойида корхона томонидан 3,7 миллион тонна кўмир қазиб олинди ва истеъмолчиларга етказиб берилди.

Айни вақтда бир суткада ўртача 25 минг тонна қаттиқ ёқилғи қазиб олинмоқда. Бу кўрсаткичлар корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини барқарор сақлаш билан бирга, аҳоли ва бошқа истеъмолчилар эҳтиёжини таъминлашга қаратилган ишларни давом эттириш муҳимлигини кўрсатади.
Бундан ташқари, “Ўзбеккўмир” АЖ мамлакатдаги асосий кўмир қазиб олувчи корхоналардан бири ҳисобланади. Жамиятнинг асосий фаолият майдони “Ангрен” кўмир ҳавзаси ҳисобланади. Корхона таркибида 8 та филиал фаолият юритади. Уларнинг 3 таси бевосита кўмир қазиб чиқариш билан шуғулланса, қолганлари ишлаб чиқариш жараёнларини таъминловчи ёрдамчи хўжаликлардан иборат. Жамият тизимида 6 минг нафарга яқин ходим меҳнат қилади. Корхона томонидан қазиб олинаётган маҳаллий кўмир мамлакат иқтисодиёти, бюджет ташкилотлари ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Энг муҳими, соҳада бозор механизмларининг жорий этилиши билан бир қаторда, кўмирни қазиб олиш, тақсимлаш ва аҳолига етказиб бериш жараёнларида очиқлик ва рақамли ёндашувни таъминлашга эътибор кучайтирилмоқда.

Пресс-турнинг амалий қисми “Ангрен кўмир кони” филиали ҳудудида ўтказилди. Журналист ва блогерлар бевосита кон ҳудудига туширилиб, кўмир қазиб олиш жараёни билан танишди. Хусусан, кўмирни қазиб олиш, саралаш ва юклаш ишлари, шунингдек, йирик карьер техникасининг ишлаш жараёни намойиш этилди. Жараёнда ОАВ вакиллари корхона мутахассислари билан суҳбатлашиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, янги тартиб ва соҳадаги ўзгаришлар юзасидан саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА