Комбинат “Янги Ўзбекистон боғи” барпо этди
Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги барча корхоналарда ҳам “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ўтган умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Унда, 18 минг нафардан зиёд ишчи-ходим фаол иштирок этди.

Ҳашарда 16 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, 10 минг тупга яқин ҳар хил гул ниҳоллари экилиб, 200 гектардан ортиқ ҳудуд ободонлаштирилди.

Комбинат ташаббуси билан Наврўз байрами арафасида 4 гектарлик “Янги Ўзбекистон боғи” барпо этилди.

— Ҳашар корхонамизнинг ҳар бир бўлинмасида уюшқоқлик билан кўтаринки руҳда ўтди, – дейди “НКМК” АЖ Корпоратив ижтимоий масъулиятлар бўлими бошлиғи Бекзот Саидов. – Ҳамкасбларимиз шахсий намуна кўрсатиб, хайрли ишда фаол қатнашди. Ишончимиз комилки, биз эккан ниҳоллар ривож топиб, кўркам боғ-роғларга айланади. Биз “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларга ўз ҳиссамизни қўшганимиздан мамнунмиз.

Наврўз байрами олдидан амалга оширилган кенг кўламли хайрли ишлар, албатта, ҳудудларга кўркамлик бағишлаш билан бирга, эл дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА