Коллеж ва техникумларга қабул давом этмоқда
Тошкент вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш худудий бошқармаси тасарруфидаги профессионал таълим муассасаларида қабул давом этмоқда.
Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига мувофиқ вилоятда 2020-2021 ўқув йилида жами 64 та профессионал таълим муассасалари ташкил этилди. Улардан 35 таси касб-ҳунар мактаби, 11 таси коллеж ва 16 таси техникум.
Жорий йил 1 июлдан бошлаб касб-ҳунар мактабларига ўқувчиларнинг қабул жараёни бошланди. Вилоятдаги 35 та касб-ҳунар мактабларига касб эгаллаш истагида бўлган 9-синф битирувчиларининг ҳужжатларини қабул қилиш жараёни онлайн www.kasb.edu.uz электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда. 2021/2022 ўқув йилида мазкур таълим муассасаларига 56 та касб йўналиши бўйича қабул параметрларида 10 минг 440 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Хусусан, 14 июль ҳолатига тасдиқланган қабул параметрларига нисбатан энг кўп ҳужжатлар Ангрен шаҳар 2-сон касб-ҳунар мактабига (734 нафар), Олмалиқ шаҳар касб-ҳунар мактабига (778 нафар), Ангрен шаҳар 1-сон касб-ҳунар мактабига (600 нафар), Бекобод шаҳар касб-ҳунар мактабига (554 нафар), Чирчиқ шаҳар касб-ҳунар мактабига (445 нафар) келиб тушган. Бугунги кунгача жами 8 минг 671 нафар умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларининг ҳужжатлари қабул қилинди.
Барча бошланғич профессионал таълим муассасаларида қабул жараёни бўйича Call марказлари ишламоқда. Қабул жараёни туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимлари томонидан берилган тавсиялар асосида тегишли касблар бўйича ўқишга қабул қилиш принципига асосланиб ташкил этиляпти.
Келгусида мазкур битирувчиларининг бандлигини таъминлаш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли иш берувчилар томонидан ҳал этилади. Бунда уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳам йўналтирилиши мумкин.
А.Мусаев,ЎзА