Коллеж ўқувчиси тикувчиликни йўлга қўйди
Зулайҳо болалигидан миллий либослар яратишга, шу йўналишда хусусий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга жуда қизиқар эди.
Зулайҳо болалигидан миллий либослар яратишга, шу йўналишда хусусий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга жуда қизиқар эди.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёшларни бу соҳага кенг жалб этиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли кўпчилик тенгдошлари қатори у ҳам ўз бизнес лойиҳасини амалга ошириш имкониятига эга бўлди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган “Менинг бизнес ғоям” танловининг вилоят босқичида иштирок этиб, 5 миллион сўмлик имтиёзли кредит олди ва тикувчилик тармоғини ташкил этди.
Мамлакатимизда узлуксиз таълимнинг муҳим бўғини бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ёшлар замон талаблари даражасида билим олиш билан бирга, муайян касб-ҳунарларни ҳам пухта ўзлаштирмоқда. Бу уларга ўзлари танлаган соҳа бўйича тайёр мутахассис сифатида меҳнат фаолиятини бошлаш имконини бераётир. Ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эса давлатимизнинг доимий эътиборида.
Бу борада Фарғона вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, касб-ҳунар коллежларида туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларда иш берувчи корхона ва ташкилотлар, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, тижорат банклари ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида битирувчиларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2010 йил 28 июлда қабул қилинган “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган битирувчиларга имтиёзли кредитлар ажратишнинг йўлга қўйилгани ҳам ёшлар бандлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Яратилаётган бундай шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланган Данғара саноат касб-ҳунар коллежининг учинчи босқич ўқувчиси Зулайҳо Эрматова ўз тикувчилик цехида бир неча тенгдоши билан мактаб ўқувчилари учун либослар тайёрламоқда.
– Давлатимиз томонидан биз, ёшларга қаратилаётган юксак эътибордан миннатдормиз, – дейди Зулайҳо. – Замонавий касб-ҳунар коллежида таҳсил олиш билан бирга ўз бизнесимизни йўлга қўйиш учун ҳам барча имкониятлар яратилган. Тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бизни Ватанимиз равнақи йўлида янада кўпроқ изланишга ундайди.
З.Эрматованинг ниятлари катта. Яқинда бўлиб ўтган “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловининг республика босқичида муваффақиятли иштирок этиб, 35 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу маблағ эвазига у тикувчилик тармоғини янада кенгайтириш, ўнлаб тенгдошларини иш билан таъминлашни ният қилган.