Коллеж битирувчиси – касб эгаси
Урганчда “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ҳамда бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.
Урганчда “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ҳамда бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, меҳнат бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ўқувчилари, ота-оналар иштирок этди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори битирувчилар бандлигини таъминлаш, ёшларнинг меҳнат жамоаларига мослашувига кўмаклашиш, таълим масканлари ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Анъанавий ўтказиб келинаётган “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ҳамда бўш иш ўринлари ярмаркаси ёшларни касбга йўналтириш, уларни корхона ва ташкилотлар, олий таълим муассасалари, касбга қайта тайёрлаш, қўшимча таълим марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, бўш иш ўринларидан хабардор этишга хизмат қилмоқда.
Жорий ўқув йилида Урганч шаҳридаги касб-ҳунар коллежларини 4 мингдан ортиқ ёшлар битиради. Уларнинг бир қисми олий таълим даргоҳларида ўқишни давом эттириш истагини билдирган бўлса, аксарияти ихтисослиги бўйича корхона ва ташкилотларда ўз фаолиятини бошлайди.
Кўргазмада 100 га яқин корхона ва ташкилотдаги бўш иш ўринлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шаҳар ва туманлардаги бўш иш ўринларининг электрон рўйхати, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари фаолияти, вилоятдаги олий ўқув юртлари, улардаги таълим йўналишлари, корхона ва ташкилотларда ишчи-мутахассисларга қўйиладиган талаблар, иш ҳақи, меҳнат шароити билан таништирилди.
– Тижорат банклари микрокредит ажратиш борасида тақдимотлар ўтказди, – дейди Мадина Мадаминова. – Мен Урганч маиший хизмат касб-ҳунар коллежини битираман. Тадбирда мен тақдим этган бизнес ғоя банк мутахассисларига маъқул келди. Насиб этса, коллежни тугатишим билан ёш тадбиркор сифатида иш бошлайман.