Кўлчиял тажрибаси
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани “Ғаллачи” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Кўлчиял қишлоғи аҳолиси узоқ йиллар давомида асосан чорвачилик орқали тирикчилик қилиб келган. Ҳудуднинг сойликлар ва кенг яйловлардан иборатлиги бунинг учун қулай шароит яратган эди. Бироқ кейинги йилларда қишлоқ аҳолисининг ерга бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Улар деҳқончилик сир-асрорларини пухта ўзлаштириб, сабзавотчиликда ўзига хос тажриба мактабини шакллантирди. Бугун эса кўлчиялликлар йил давомида туман бозорларини янги ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаб келмоқда.
Қишлоқдаги илғор деҳқонлардан бири Ғайрат Эрназаров болалигидан меҳнатга чиниққан, тажрибали инсон. У ўз томорқасида сабзи, шолғом, помидор, бодринг, булғор қалампири, картошка каби маҳсулотларни етиштириб, барқарор даромад манбаини йўлга қўйган. Маҳалла фаоллари кўмагида имтиёзли кредит олиб, иссиқхона қургани эса унинг фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилди. Энди у йилнинг тўрт фаслида ҳам маҳсулот етиштириш имкониятига эга.
– 4 сотих иссиқхонамиз бор. Унда асосан қиш мавсумида самарали ишлаймиз. Ҳозир 20 минг дона сабзи бозорга чиқиш арафасида, – дейди Ғайрат Эрназаров. – Ҳар бир донасини ўртача минг сўмдан сотамиз. Ўтган йили шу миқдордаги ҳосилни 20 миллион сўмга реализация қилдик. Шунингдек, эртачи шолғомимиз ҳам тайёр. Бундан ташқари, 16 сотих ерда картошка етиштиряпмиз. Умумий ҳисобда 25 сотих томорқамизнинг бир қарич жойини ҳам бўш қолдирмаймиз, алмашлаб экиш орқали йил давомида ҳосил оламиз.
[gallery-28641]
Деҳқоннинг таъкидлашича, биргина иссиқхонадан олинадиган эртаги сабзавот ҳосилининг ўзи 20 миллион сўмдан ортиқ даромад келтиради. Йил давомида уч марта ҳосил олиш ҳисобидан умумий даромад қарийб 200 миллион сўмга етади.
– Шу меҳнат орқали фарзандларимизни ўқитяпмиз, рўзғоримизни таъминлаяпмиз. Оилавий меҳнат қиламиз, кам бўлганимиз йўқ, – дейди у.
Кўлчиялликлар орасида бундай тажриба бошқалар учун ҳам ўрнак бўлмоқда. Масалан, Бахтиёр Жалматов узоқ йиллар меҳнат муҳожирлигида юрган бўлса-да, кейинчалик юртига қайтиб, деҳқончиликни йўлга қўйди. Илгари қаровсиз қолган томорқасини қайта тиклаб, унумли фойдаланишга киришди.
– Деҳқончиликни аслида отамдан ўрганганман, – дейди Бахтиёр Жалматов. – Бир неча йил хорижда ишладим, лекин кутилган натижа бўлмади. Отамнинг маслаҳати билан юртга қайтиб, ер билан шуғулланишни бошладим. Ҳозир 18 сотих ерда картошка, 4 сотих парникда эртачи сабзи ва шолғом етиштиряпмиз. Яна 2 сотих лимонариймиз бор. Йилига 150 миллион сўмдан ортиқ даромад топяпмиз.
Қишлоқда сув таъминоти муайян қийинчиликлар билан кечишига қарамасдан, аҳоли мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Асосан артизан қудуқларидан олинадиган сув орқали ҳам ичимлик, ҳам суғориш ишлари амалга оширилади. Шу билан бирга, маҳалла фаоллари томонидан аҳолига яратилаётган имкониятлар, жумладан, имтиёзли кредитлар ажратилиши, насос ва иссиқхона қурилишига кўмак берилиши натижасида деҳқончилик янада ривожланмоқда.
– Маҳалламизда 1 минг 100 дан ортиқ хонадон бор. Асосий йўналишимиз деҳқончилик ва чорвачилик, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Маҳмуд Ажабов. – Кейинги йилларда аҳолининг ерга муносабати сезиларли даражада ўзгарди. Инсонлар нафақат ўз бандлигини таъминлаяпти, балки барқарор даромад манбаига ҳам эга бўлмоқда. Биргина ўтган йилда 50 дан ортиқ фуқарога имтиёзли кредит ажратиб бердик.
Мутахассислар таъкидлашича, талаб ва таклиф мувозанати таъминланган жойда иқтисодий фаоллик ортиб, фаровонликка эришиш мумкин. Кўлчиял қишлоғида бу тамойил амалда ўз исботини топмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ерга меҳр ва ҳалол меҳнат орқали қисқа вақт ичида самарали натижаларга эришиш мумкин. Бу Кўлчиял деҳқонлари ҳаётида ўз ифодасини топаётгани бежиз эмас.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари