Коксаки – асосан куз-қиш мавсумида тарқаладиган касаллик
Куз-қиш мавсуми бошланиши билан турли вируслар ҳам фаоллашиб қолади. Юқумли касалликлар билан оғриш эҳтимоли ортади. Касаллик белгиларини ўз вақтида аниқлай олиш, ажрата билиш беморга уй шароитида ёки шифохонагача бўлган даврда тўғри ёрдам кўрсатишни таъминлайди.
Коксаки – асосан куз-қиш мавсумида фаоллашадиган энтеровирус тури. Юртимизда алоҳида статистика юритилмаса-да, умумий инфекциялар қаторида қайд этиб борилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, касаллик кўринишидан ўткир ичак инфекциясини эслатади.
АҚШнинг Коксаки шаҳарчаси номи билан аталган бу вируснинг 70 га яқин тури мавжуд бўлиб, амалиётда кўпроқ «А» ва «Б» турлари учрайди. Кўпчилик бу инфекцияни сезмасдан ҳам енгил оёқда ўтказиб юборади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, «А» турида юз, лаб, бурун ва бармоқ учларида майда пуфакчалар тошиши мумкин. «Б» турида эса ичак фаолияти бузилиши ёки айрим аъзоларда ўзгаришларга сабаб бўлади.
– Дард кўпинча билинмасдан ҳам ўтиб кетади, бироқ кам ҳолларда зотилжам ёки менингит каби асоратлар бериши мумкин. Шу боис шубҳали ҳолатларда фақат симптоматик муолажалар қўлланилади. Агар иситма 4 кундан ортиқ тушмаса, вирусни гумон қилиш мумкин.
Ижтимоий тармоқлардаги ваҳимали хабарларга асос йўқ. Оддий шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиб, қўлларни мунтазам ювиш ва касаллик аломатлари сезилса, мулоқотни чеклашнинг ўзи етарли профилактикадир, – дейди Нурмат Отабеков.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА