Кўкрак нишонига 2 020 нафар бухоролик юртдошимиз сазовор бўлди
2 020 нафар бухоролик “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Мустақиллик — бу шунчаки тарихий сана эмас. У халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, эртанги кунига ишонч билан қараши, орзу-интилишларини рўёбга чиқариши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун очилган буюк имкониятдир. Бугун Янги Ўзбекистонда кечаётган улкан ўзгаришлар, бунёдкорликлар ва ислоҳотлар замирида ана шу буюк неъматни асраб-авайлаш, унинг қадрини янада юксалтиришдек эзгу мақсад мужассам.
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда меҳнатсевар, мард ва олижаноб юртдошларимиз ўз билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, куч-ғайрати ҳамда эзгу ташаббуслари билан фаол иштирок этишмоқда.
Ана шундай фидойи инсонларнинг эл-юрт олдидаги хизматларини муносиб қадрлаш — юксак маънавий қадриятдир. Зеро, меҳнатга берилган эътибор инсонни янги марраларга ундайди, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлайди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимизда инсон меҳнати ва унинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссини муносиб баҳолаш, фидойи юртдошларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 22 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармони ҳам ана шу эзгу сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтириш, тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фаоллик кўрсатган юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланишди.

Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар ҳам ушбу юксак эътирофга муносиб кўрилди.
Эътиборлиси, мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишонига 2 020 нафар бухоролик юртдошимиз сазовор бўлди.
Бу рақам ортида минглаб тақдирлар, йиллар давомидаги ҳалол меҳнат, изланиш ва интилишлар, эл-юрт манфаати йўлида қилинган эзгу ишлар мужассам. Бу — Бухоро аҳлининг мамлакат тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссасига берилган юксак баҳодир.
Айни кунларда мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирлари доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ҳамда бошқа идораларда эсдалик нишони билан тақдирланган юртдошларга мукофотлар тантанали равишда топширилмоқда.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган ана шундай тантанали маросимда ҳам бир гуруҳ бухороликларга давлатимизнинг юксак эътирофи — “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов мукофотга муносиб кўрилган юртдошларни самимий муборакбод этди.
Вилоят раҳбари ўз сўзида мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган инсонларнинг хизматлари беқиёс эканини таъкидлади. Шунингдек, уларнинг касбига садоқати, ташаббускорлиги ва эл манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилиб, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири