Кўкдала тарвузлари – дунё бозорларида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида мавсум якунига етмасдан 12 миллион АҚШ доллари миқдорида тарвуз экспорти амалга оширилди.
Туманда тарвуз етиштириш ва экспорт қилиш соҳасидаги бундай юқори натижалар, албатта, ҳудуд аҳолисининг фидокорона меҳнати ва соҳага инновацион усулларни жорий этиш билан боғлиқ. Туман ҳокимлиги томонидан ер эгаларига яратилган қулай шароит, уларга кўрсатилаётган ёрдам ва экспорт жараёнларини соддалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам бунга муҳим омил бўлмоқда.
[gallery-23848]
Кўкдалалик фермерларнинг тажрибаси ва эртачилик усулларини қўллаши, тарвуз ҳосилини бошқа ҳудудларга нисбатан анча олдин етиштириш имконини бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, маҳсулотни юқори нархларда сотиш ва экспортдан кўпроқ даромад олиш имкониятини яратади.
Ўтган 2024 йилда туман деҳқонлари 15 минг гектар майдонда эртаки тарвуз парваришлаган эди. Етиштирилган ҳосилнинг асосий қисмини ички бозорларга етказиб бериш билан бир қаторда, 8,5 миллион АҚШ долларилик тарвуз экспорти ҳам амалга оширилди.
Жорий йилда эса ҳудуддаги эртаки тарвуз парваришланган майдонлар ҳажми 22 минг гектарга етди. Шунга кўра, маҳсулотнинг экспорти ҳам камида 12 миллион АҚШ долларидан ошиши кутилмоқда. Ҳозирда йиғиб олинаётган ҳосил пешма-пеш ички ва ташқи бозорларга етказиб берилаётир. Ўз навбатида, деҳқоннинг чўнтагига даромад кираяпти.
Кўкдала туманининг тарвуз экспорти соҳасида эришган ютуқлари, нафақат ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшади, балки мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ҳам оширишга хизмат қилади. Асосийси, келгусида бу тажрибани бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этиш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш мумкин.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ(сурат),ЎзА