Кўҳна ва боқий Бухоро байрам оғушида
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида Бухоро вилоятида кенг нишонланди.
Байрам тадбири истиқлол тараннум этилган бадиий-мусиқий, театрлаштирилган дастур билан бошланди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан таклиф этилган давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган бухороликлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, фаол ёшлар иштирокида ўтган байрам тадбирида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов барчани мустақилликнинг ўттиз уч йиллик тўйи билан муборакбод этди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, жамият ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилганлигини таъкидлади.
Бухороликлар ҳам мустақиллигимизнинг қутлуғ ўттиз уч йиллигини муносиб тўёналар билан қарши олмоқда. Хусусан, байрам арафасида вилоятнинг турли гўшаларида ўнлаб янги ишлаб чиқариш объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим масканлари, замонавий ва шинам тураржойлар қуриб битказилмоқда.
Албатта, барчамизни хурсанд қиладиган бундай ўзгаришлар ўнлаб, юзлаб оилалар ҳаётига шодлик ва бахт олиб келмоқда. Ҳеч шубҳасиз, ҳаётда мана шундай қувончли воқеалар юз берганда инсоннинг қадди ҳам, қадри ҳам кўтарилади. Бундай дамларда шак-шубҳасиз, юртимиздаги ўзгариш ва янгиланишларни ўз ҳаёти мисолида ҳис қилаётган одамлар ҳақиқат ва адолат борлигига, турмушида янгиланиш рўй бераётганига ишонади. Истиқлол Ватанимизни, халқимизни эски мустабид тизим кишанларидан озод қилгани, миллий демократик давлат қуриш, барча мамлакатлар ва халқлар билан тенг бўлиб, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини очиб бергани билан қадрли ва мўътабардир.
Мамлакатимиз Президенти таъбири билан айтганда, “Орадан ҳали қанча йиллар, асрлар ўтади. Юртимизда янги авлодлар дунёга келади. Миллий давлатчилигимизни тиклаб, бизга тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида мана шундай беқиёс имкониятларни яратиб берган истиқлолимиз –жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин, ўчмас саҳифа бўлиб қолади”.
Дарҳақиқат, айнан мустақиллик топталган қадриятларимизни, дину диёнатимизни, ор номусимизни тиклади. Ўзлигимизни англаш, халқимизнинг орзу-интилишларига, миллий манфаатларига жавоб берадиган келажагимизни қуриш йўлини очиб берди.
Бу фикрнинг яққол тасдиғини биргина вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий, маданият, туризм ва спорт ҳамда бошқа соҳаларда эришган ютуқлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоятда турли жабҳаларни ўзида қамраб олган дастурлар асосида аниқ мақсадлар йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот 106,3 фоизни ташкил этди. 16,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Вилоятимизнинг экспорт салоҳияти ошиб бораётгани баробарида жорий йилнинг ўтган саккиз ойида ҳудудий корхоналар томонидан хорижга 125 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорт қилинди.
Президентимиз томонларидан 2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилингани муносабати билан ёшларимиз ва тадбиркорларимизга қулай меҳнат шароитларини тақдим этиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Бутун мамлакатимизни қамраб олган йил дастури доирасида вилоятда 450 дан ортиқ маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда.
Қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун айни вақтга қадар 1,5 триллион сўм маблағ сарфланди. Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи умумфойдаланувдаги ҳамда ички хўжалик автомобиль йўлларида 150 миллиард сўмлик қайта қуриш ишлари олиб борилди.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 21,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
Шунингдек, халқимизнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш, бу борада қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мақсадида юқори қувватдаги шамол ва қуёш электр станциялари барпо этилди.
[gallery-19028]
Аҳолининг замонавий уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида 25 мингта оилага мўлжалланган 150 та кўп қаватли турар жой бинолари барпо этилмоқда.
Байрам дастури сўнггида бухоролик хонандалар, шунингдек, пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар йиғилганларга байрам кайфиятини улашди. Вилоят марказидаги сўлим боғда бўлиб ўтган тантана шукуҳи қалбларга кўчди. Юртдошларимизга байрам шукуҳини ҳадя этаётган бу каби тантаналар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, маҳаллалари, меҳнат жамоаларида давом этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари