Когонлик тадбиркор аёллар
Бухоро вилояти Когон туманида сўнгги йилларда тадбиркорлик, хусусан, аёллар бандлигини таъминлаш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудуддаги фаол ва ташаббускор аёллар ўз меҳнати ва изланишлари билан нафақат ўз оиласини, балки бутун маҳалла иқтисодини ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Улар орасида ўз ишини бошлаб, уни муваффақиятли даражада ривожлантирган тадбиркор аёллар бошқаларга намуна бўлмоқда.
Жумладан, Когон туманидаги “Саодат ательеси” раҳбари Саодат Ачилова 2013 йилдан буён тикувчилик йўналишида самарали фаолият юритиб келмоқда. У ўз иш фаолиятини дастлаб 7 та тикув машинаси ва 2 нафар ходима билан бошлаган бўлса, бугунги кунда 6 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаб, 100 дан зиёд шогирдининг тадбиркорлик сари қадам қўйишига кўмаклашган.

–Ҳар бир эришган натижам меҳнатим ва сабрим самарасидир, –дейди Саодат Ачилова. –Аёлларнинг ўз ишини бошлаши ва мустақил даромад топиши мен учун энг катта ютуқ ҳисобланади. Мен шогирдларимни ҳам ўз касбини севишга, доим изланишда бўлишга чорлайман.
Яна бир фаол тадбиркор Насиба Бобоева ҳам тикувчилик соҳасида ўз ўрнига эга. У 2025 йилда тижорат банклари томонидан ажратилган 16,5 миллион сўмлик имтиёзли кредит ҳисобига ўз ишини кенгайтиришга муваффақ бўлди. Бу имконият унга янги ускуналар харид қилиш ва иш ҳажмини ошириш имконини берди.

–Давлат томонидан яратилаётган имкониятлар тадбиркор аёллар учун катта қўллаб-қувватловдир, –дейди Насиба Бобоева. –Олинган кредит орқали мен ишимни кенгайтирдим ва яна икки нафар аёлни иш билан таъминлашга эришдим. Бу эса мен учун катта ютуқ ва масъулиятдир.
Шунингдек, Мадина Қодирова ширинлик ва пишириқ маҳсулотларини тайёрлаш йўналишида фаолият юритиб келмоқда. У кичик цехда 27 турдаги ширинликлар, нон ва нон маҳсулотларини тайёрлаб, маҳаллий бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаб келмоқда. Унинг 14 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаши ҳам эътиборга молик.

–Мен учун энг катта ютуқ бу бошқаларга иш ўрни яратиш ва сифатли маҳсулот тайёрлашдир, –дейди тадбиркор Мадина Қодирова. –Ҳар бир меҳнатим ортида одамларнинг қониқиши тургани мени янада руҳлантиради.
Когон туманидаги бу каби тадбиркор аёллар билан суҳбат чоғида улар ўз фаолиятларида учраётган қийинчиликлар, давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ва келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб беришди. Улар учун асосий омил — меҳнат, сабр ва доимий изланиш эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, имтиёзли кредитлар, тадбиркорликка оид дастурлар ва маҳаллий ҳокимиятнинг қўллаб-қувватлаши уларнинг ишини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Когон туманида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самара бермоқда. Саодат Ачилова, Насиба Бобоева ва Мадина Қодирова каби фидойи аёллар ўз фаолиятлари орқали нафақат иқтисодий барқарорликка ҳисса қўшмоқда, балки бошқа аёллар учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири