Когонлик пиллакорлар мавсумни бошлади
Юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сара ва сифатли “кумуш тола” етиштиришда ўзига хос тажриба шаклланган Бухоро вилояти Когон туманида жорий йилги мавсум старт олмоқда.
Туманда бу йил Хитой давлатидан келтирилган 3 минг 7 қути ипак қурти парваришланади. Мавсум якунида 194 тонна пилла хомашёси етиштириш чора-тадбири жадал бошланган. Бу борада тумандаги 7 та ҳудудда фаолият юритаётган 12 та инкубатория жиҳозланди. Уруғ қўйиб, айни пайтда жонлантириш жараёни кетмоқда.

Муҳими, пиллачилик тармоғида рағбатлантириш ва моддий манфаатдорликка эътибор оширилгани, жойларда озуқа манбаи –тут плантациялари кенгайтирилаётгани туфайли муваффақиятга эришилмоқда. Жорий пиллачилик мавсуми учун ҳудудда юқори ҳосилдорликка эришиб келаётган ва сифатли пилла етиштиришда етарли тажрибага эга 15 та фермер хўжалиги ҳамда жами 2138 та касаначи ва оилавий звено билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилган.

Маълумот учун: ўтган йили баҳор мавсумида туман пиллакорлари томонидан 2858 қути ипак қурти жонлантирилган эди. Саноат учун 165 тонна қимматбаҳо хомашё хирмонини бунёд этиш учун ҳудудда жами 1900 дан ошиқ касаначи ва оилавий звено билан шартнома тузилганди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири