"Кўчат экиш билангина иш битмайди..."
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида жойларда кўчат экиш тадбирлар кенг қамровда ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири «Чирчиқ-Оҳангарон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Жанубий тармоқ канали бўйида уюштирилди. Тошкент магистраль канали ҳамда Оҳангарон-Далварзин ва Пискент ирригация бўлимлари ишчи ходимлар томонидан кун давомида канал бўйидаги узунлиги салкам 3 км. масофадаги майдонларга 4 мингта терак ва 4 мингта тол кўчатлари экилди. Экилган кўчатларга зиён етмаслиги учун оҳак билан ишлов берилди. Энди бу кўчатлар доимо парваришда бўлади.

Бу ерда кўчати экиш баробарида амалий семинар ҳам бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов, Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Абдураззоқов ва туман ирригация бўлимлари иштирок этишди.
Семинарда қайси ҳудудларда қандай кўчат экиш кераклиги ҳақида маълумот берилди. Амалий семинар давомида Улуғбек Узоқов толь,терак. жийда кўчатлари жой танламаслиги, ҳар қандай шароитда кўкариб кетиши, фақат бунга бироз парвариш кераклигини таъкидлади.
– Кўчат экиш билангина иш битмайди, унга алоҳида эътибор керак, – дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов. Вақтида суғориш керак, ҳайвонлардан асраш керак. Шундагина биз эккан ниҳоллар бўй кўрсатади.
Амалий семинар давомида туман ирригация бўлимларига кўчат экиш бўйича турли тавсиялар берилди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА