Китобхонлик танловида ғолиб бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар рағбатлантирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташнинг нуфузи ва жозибадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган.
Лойиҳа билан олий ҳарбий, шунингдек, хорижий олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан янги контракт тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф этилмоқда. Унга кўра, ушбу йўналишдаги курсантлар билан 15 йилга шартнома тузиш белгиланмоқда.

— Бугунги кунда ёшларни китобхонликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, — деди фракция аъзоси Дилбар Мамажонова. — Жумладан, ҳарбий соҳа вакиллари орасида ҳам китобхонлик муҳитини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мазкур қонун лойиҳаси билан республика китобхонлик танловида юқори натижаларга эришган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддатини бир ойга қисқартириш назарда тутилмоқда. Бу рағбатлантириш чораси ҳарбий хизматчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Йиғилишда яна бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА