Китобхонлик бор жойда тараққиёт бор
Йил поёнига етиб, ғалвир сувдан кўтариладиган пайт яқинлашмоқда.Энди ортга назар ташлаб дастлабки хулосалар чиқариш мумкин.
Шу маънода, Самарқанд вилоятининг чекка туманларидан бири–Қўшработда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ижобий силжишлар ҳақида сўз юритиш ўринли.Бу ерда иқтисодиётни ривожлантириш, инвестициялар киритиш, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани кўзга яққол ташланмоқда.
Албатта, иқтисодиётнинг ривожига таъсир кўрсатувчи омиллар кўп.Эндиликда уларнинг қаторидан китобхонлик ҳам муҳим ўрин элаллади, десак хато эмас. Негаки, китобхонлик бор жойда тараққиёт, ривожланиш жараёнлари кучли кечиши аллақачон исботланган.Бинобарин,камбағалликни қисқартиришнинг энг ишончли йўли ҳам шу. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, китоб ўқимаган одамларнинг 75 фоизи, китоб ўқиган кишиларнинг эса 4 фоизи камбағалликка гирифтор бўлиши мумкин экан.
Ёшларни китобхонликка даъват этиш борасида маданий-маърифий тадбирлар, турли фестиваллар, учрашувларнинг роли катта. Жумладан, бу йил туманда Республика бахшилар танлови, “Қўрғон достончилик мактаби ва Эргаш Жуманбулбул ўғли мероси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, қўшработлик ёзувчи Собир Ўнар ижодига бағишланган тадбир ва бошқа фестиваль, маданий-маърифий учрашувлар бўлиб ўтгани кўпчиликда чуқур таассуротлар қолдирди.
Куни кеча туманда ташкил этилган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, қатор детектив асарлар муаллифи Комил Синдоров ҳамда Жаҳон физиологлар жамияти академиги, Самарқанд давлат университети профессори Бакриддин Зарипов билан бўлган учрашув ва мулоқотлар юқорида айтилган таассуротларни янада бойитди. 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва 82-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари, ўқитувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, умуман барча китобсеварлар ҳар иккала ижодкор фаолияти билан яқиндан танишиб, китоб ва китобхонлик ҳақидаги мароқли суҳбатларидан баҳра олдилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Комил Синдоров ҳам, Бакриддин Зарипов ҳам Қўшработ фарзандларидир. Шу боисдан мазкур учрашувлар улар учун тумандошлар ҳузурида ўзига хос ижодий ҳисобот бўлди.
Норбобо Шакаров, ЎзА