Китобхонлик бизни бирлаштиради
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган ҳафталик доирасида “Китобхонлик бизни бирлаштиради” номли китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўсиб келаётган ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат ва унинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, уларни китобхонликка фаол жалб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда ўзбек, тожик, қирғиз, немис, инглиз, турк, қозоқ ва яна турли хил миллат ҳамда элатларга оид китоблар, журнал ва кичик қўлланмалар намойиш этилди. Жумладан, турли миллат ёзувчи ва шоирларининг асарлари ҳамда олимларининг тадқиқот ишларига бағишланган миллий маданий марказлар ижодкорлари асарлари кўргазма меҳмонлари эътиборига ҳавола этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ижросини таъминлаш борасида қўмитада амалга оширилаётган ишлар ҳусусида маълумот берилди. Китобхонликнинг инсон онгига ижобий таъсири, ақлни чархлашдаги ўрни ҳамда китобнинг неча асрлар оша инсоннинг маънавий баркамоллигига хизмат қилиши хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, тадбирда миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Турли миллат ёзувчи ва шоирларининг қаламига мансуб шеърлар асосида куйланган қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Бу каби тадбирлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА