“Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” китоблари тақдим этилди (+видео)
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонада “Китобсевармиллат” шиори остида “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, пойтахтимиздаги ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёш китобхонлар иштирок этди.
Нашрдан чиққан китобларни варақлар экансиз, улардан ўрин олган шеърлар, ҳикоялар ва эртаклар мазмунига мос ажойиб расмлар билан бойитилиб, болалар эътиборини ўзига жалб қиладиган ажойиб дизайн ва ёрқин қиёфада чоп этилганига тасанно дейсиз.
“Дунё даҳолари” рукни остида чоп этилган китоблардан ўрин олган машҳурларнинг ҳар бири ўз йўли, тафаккури, ихтиролари, оламшумул ишлари ва ҳатто тақдири билан дунёни ўзгартирган. Бу инсонлар барчани ҳайратга соладиган, тасаввур ва қизиқиш уйғотадиган ажойиб шахслар бўлиб, улар билан боғлиқ ҳаётий ҳикоялар ўзига оҳанрабодек тортади.
Маълумотларга кўра, Журналистлар уюшмаси ходимлари томонидан “Дунё даҳолари” рукни остида чоп этилган ўнта китобнинг аудио варианти ҳам тайёрланмоқда. Яқин кунларда ушбу китоблар аудио вариантлари билан бирга мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона муассасаларига бепул тақдим этилиши режалаштирилмоқда. Китоблардан жой олган ибратли ҳикоялар, шеърлар ва эртаклар ўқувчиларга манзур бўлади, деган умиддамиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6n3hbFZmvGQ" title="“Kitobxon bolalar” va “Dunyo daholari” kitoblari taqdim etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА