Китобсеварлар китоблар билан сийланди
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ургут туманида ижодкорлар билан учрашув ва китобхонликни тарғиб этишга қаратилган маърифий тадбир ўтказилди.
Ўтган йил туманнинг Деҳқонобод маҳалласида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов ташаббуси билан ташкил этилган кутубхонада аҳоли китоб мутолаа қилиш билан бирга ижодкорлар иштирокидаги учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, турли танловларда қатнашмоқда.
Жумладан, яқинда мазкур кутубхона аъзолари ва Ургут туманидаги мактаблар ўқувчилари ўртасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китобини ўрганиш бўйича танлов эълон қилинган эди. Тадбир аввалида мазкур танловда қатнашаётган 240 нафардан ортиқ китобхон ушбу китоб асосида тайёрланган тест синовларида қатнашди. Улар дунёнинг 236 давлати ҳақида маълумотлар жамланган китобдан тайёрланган 50 тадан саволга жавоб бердилар.
Шундан сўнг ижодкорлар билан учрашув ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов, “Дунё мамлакатлари” китоби муаллифи Лазиз Раҳматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳаммад Исмоил ва бошқалар сўзга чиқиб, туман аҳлини Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан табрикладилар ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси кун сайин ўзгариб, халқимиз турмуш даражаси ошиб бораётганини таъкидладилар. Бу ўзгаришлар Ургут тумани мисолида таҳлил қилинди. Биргина жорий йилда туманда 150 дан ортиқ янги объектлар фойдаланишга топширилаётгани эътироф этилди.
– Ургут республикамиздаги аҳолиси энг кўп туман, – деди Абдусаид Кўчимов. – Табиийки, аҳоли сони кўп бўлгач, уларнинг ҳаётий эҳтиёжлари ҳам шунга яраша бўлади. Ва шунинг учун ҳам азалдан тадбиркор халқ бўлган ургутликлар бугун нафақат ўз эҳтиёжлари, балки ундан бир неча бор ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариб, ҳатто, хорижга экспорт қилмоқдалар. Бир пайтлар саноқлигина завод, фабрикаси бўлган туманда бугун юзлаб саноат корхоналарида минг турдан ортиқ товарлар ишлаб чиқарилмоқда. Очиқ майдон, дашт ҳудуд бўлган жойларда бугун янги аҳоли массивлари, “Янги Ўзбекистон” шаҳарчаси бунёд этилди. Бу албатта, мустақиллик, кейинги ўн йилда амалга оширилган шиддатли ислоҳотлар самараси бўлди.
Учрашувда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини ошириш, айниқса, китобсевар ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
[gallery-31020]
– Бундан уч ой олдин Ургутга келиб, устоз Абдусаид Кўчимов кутубхонаси билан танишгач ва бу ердаги китобхонлик муҳитини кўрганимдан сўнг кутубхона билан ҳамкорлик қилишни кўнглимга туккандим, – деди Лазиз Раҳматов. – Бу ҳамкорликни “Дунё мамлакатлари” китобим асосида танлов ўтказиш билан бошлашга қарор қилдик ва бугун адашмаганимизни ҳис қилдим. Биз танловда шу кутубхона аъзоларигина қатнашса керак, деб ўйлагандик. Лекин бугун ахборот асрида яшаётганимиз туфайли китобимизнинг электрон шаклини тумандаги барча мактаблар ўқитувчи ва ўқувчилари ҳам ўқиб, танловда қатнашиш истагини билдиргани жуда қувонарли бўлди. Биз келгусида ушбу кутубхона билан китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган бошқа лойиҳаларни ҳам амалга оширамиз.
Тадбирда танлов натижалари эълон қилиниб, тест синовларида юқори натижа қайд этган 40 нафар иштирокчи китоблар тўплами билан тақдирланди. Беш нафар ғолибларга эса китоблар ва бир миллион сўмдан пул мукофоти берилди.
Учрашув якунлангач, иштирокчилар Деҳқонобод маҳалласидаги Абдусаид Кўчимов кутубхонасида ҳам бўлдилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари