Китобхонларга масофавий хизмат кўрсатилмоқда
Ҳозирги карантин шароитида китоб мутолааси билан шуғулланиш вақтдан самарали фойдаланишнинг энг яхши йўли.
Ҳозирги карантин шароитида китоб мутолааси билан шуғулланиш вақтдан самарали фойдаланишнинг энг яхши йўли. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси карантин даврида ҳам китобхонлар учун масофавий тарзда хизмат кўрсатмоқда.
Кутубхона томонидан шунингдек,онлайн тарзда тадбирлар, турли лойиҳа ва тақдимотлар ўтказиб борилмоқда. Китобхонлар онлайн хизматлар орқали турли адабиётларга буюртма бериш, буктрейлерларни, онлайн дарсларни кўриш имкониятига эга. Шу билан бирга улар китоб оламига доир қизиқарли янгиликлардан бохабар бўлмоқда.
Масофавий хизмат турларини тақдим этишда кутубхона электрон базасининг мукаммал шакллантирилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, миллий умумтаълим электрон кутубхона марказининг сканерлаш ва рақамлаштириш хизматида Германиянинг “Microbox” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 38 та замонавий ва сўнгги турдаги профессионал сканерлар мавжуд бўлиб, бу сканерлар А0 форматдан А5 форматгача бўлган ҳар хил турдаги китоблар, газеталар, журналлар, альбомлар, хариталар, қўлёзмалар, диссертациялар, нота нашрлари, авторефератлар, микрофишлар, фотоплёнкалар ва бошқа турдаги ҳужжатларни рақамлаштириш имкониятига эга.



