Китобда қутуриш бўйича ваҳима: ҳақиқат қаерда?
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Китоб туманининг Варганза маҳалласида бир оиланинг уч нафар аъзоси қутуриш касаллигига чалингани, улардан бири вафот этгани, ҳудудда вазият ўта оғирлашгани, ҳатто маҳаллага кириш-чиқиш чеклангани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар сайёҳларга Варганзага бормаслик ҳақида огоҳлантиришлар ҳам тарқатди. Хўш, тармоқлардаги бу даъволар қанчалик ҳақиқатга яқин? ЎзА мухбири воқеа жойига бориб, маҳаллий аҳоли, мутасаддилар ва тиббиёт масъуллари билан суҳбатлашди.
Марҳуманинг яқинлари: “У қутуришдан эмас, бошқа хасталикдан вафот этди”
Суриштирув аввало марҳума Ҳадича Эргашеванинг яқинлари билан суҳбатдан бошланди.
Марҳуманинг опаси Замира Эргашеванинг айтишича, синглиси аввал ҳам қон босими юқорилиги билан даволанган, инсульт туфайли танасининг бир қисми фалажланган бўлган.
Унинг сўзларига кўра, шифокорлар бир ой муқаддам тулки боласи қўлини тирнагани ҳақидаги маълумотдан кейин қутуриш касаллиги эҳтимолини ҳам кўриб чиққан.
– Синглим охирги кунларигача овқат ҳам еди, сув ҳам ичди. Қутуриш касаллигига хос аломатларни кўрмадик. Шунинг учун асоссиз хабарлар тарқатилиши оиламиз учун яна бир оғир зарба бўлди, – дейди у.

“Варганзада карантин йўқ, ҳаёт одатдагидек давом этмоқда”
Ижтимоий тармоқларда маҳаллага кириш-чиқиш тақиқлангани ҳақидаги хабарларга маҳалла раиси Ҳаким Мирзаев қатъий рад жавобини берди.
Унинг таъкидлашича, ҳудудда ҳеч қандай карантин ёки чеклов чоралари жорий этилмаган.
– Қишлоқда ҳаёт одатдагидек давом этяпти. Сайёҳлар ҳам келиб-кетмоқда. Агар қутуриш касаллиги расман тасдиқланганида бу ерга ҳеч ким киритилмас эди. Марҳуманинг жанозасида икки мингга яқин одам қатнашди, – дейди маҳалла раиси.
У тоғли ҳудуд бўлгани учун атрофда тулки, бўри ва бошқа ёввойи ҳайвонлар учрашини, шу сабабли қутуриш касаллигига қарши профилактика ишлари доимий олиб борилишини ҳам таъкидлади.

Ваҳимага сабаб бўлган аудио ким учун эди?
Тармоқларда энг кўп тарқалган аудиоёзув муаллифи сифатида тилга олинган Китоб тумани 4-поликлиникаси мудири Маҳмуд Узоқов ҳам вазиятга муносабат билдирди.
Унинг айтишича, аудио хабар аҳоли учун эмас, балки тиббиёт ходимлари учун ички хизмат топшириғи сифатида юборилган.

– Бу юқумли касалликлар бўйича ўтказилган хизмат йиғинидан кейин ходимларни янада огоҳ бўлишга чақириш мақсадида берилган топшириқ эди. У ерда фақат қутуриш эмас, ботулизм ва ичак инфекциялари ҳақида ҳам гапирилган. Кимдир уни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган. Мақсадимиз аҳоли орасида ваҳима уйғотиш эмас эди, – дейди у.

Расмий изоҳ: “Қутуриш касаллиги тасдиқланмаган”
Китоб туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари Анвар Ҳасановнинг маълум қилишича, марҳума 10 июль куни қон босими кўтарилгани боис шифохонага мурожаат қилган.

Суҳбат давомида унинг бир ой аввал тулки боласи тирнаганини айтгани сабабли шифокорларда хавфли инфекцияга гумон пайдо бўлган.

Бироқ бемор бир суткадан кейин вафот этган ва ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Профилактика мақсадида унинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилиб, вакцинация қилинган.
– Ҳозирги кунда уларда қутуриш касаллигига хос бирор белги кузатилмаяпти. Туманимизда эпидемиологик вазият барқарор. Қутуриш касаллиги расман қайд этилмаган, – деди Анвар Ҳасанов.
Унинг таъкидлашича, айрим тиббиёт ходимлари эҳтимолий хавфни инобатга олган ҳолда профилактик чораларни кучайтиришни мақсад қилган, аммо бу маълумотлар ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилиниб, аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқарган.

– Бу ҳолат юзасидан ходимлар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Юзага келган ноқулайликлар учун аҳолидан узр сўраймиз, – деди бўлим раҳбари.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳам ўрганди
Тармоқлардаги муҳокамалардан кейин вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари ҳам Варганза маҳалласида ўрганиш ўтказган.
Бошқарма масъули, подполковник Эркин Орзиқуловнинг маълум қилишича, ҳудудда фавқулодда эпидемиологик вазият аниқланмаган.
– Жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди. Аҳоли билан суҳбатлашилди. Ҳеч қандай фавқулодда ҳолат кузатилмади. Вазият тўлиқ назоратда. Қутуриш касаллиги қайд этилмаган. Барча профилактик чоралар амалга оширилмоқда, – деди у.
Хулоса шуки, Китоб туманидаги ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалган тасдиқланмаган маълумотлар жамоатчилик орасида қанчалик тез ваҳима келтириб чиқаришини яна бир бор кўрсатди.
Айни пайтда расмий идоралар маълумотига кўра, Варганза маҳалласида қутуриш касаллиги бўйича эпидемиологик вазият қайд этилмаган, карантин жорий этилмаган ва аҳоли ҳаёти одатий тартибда давом этмоқда. Марҳуманинг ўлим сабаби эса суд-тиббий экспертизаси хулосасидан кейин аниқ маълум бўлади.
Журналистик суриштирув шуни кўрсатдики, эҳтимолий хавф ҳақидаги ички хизмат маълумотининг назоратсиз тарқалиши ижтимоий тармоқларда турли тахмин ва миш-мишларга сабаб бўлган. Бундай ҳолатларда аҳолига фақат расмий манбалар тасдиқлаган ахборотга таяниш тавсия этилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири