Китобда китоб байрами
Китоб тумани ҳокимлигида мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий учрашув ва янги кутубхона очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бугун жонажон юртимизда улуғ ва азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги шодиёналари кенг нишонланмоқда.
Ушбу қутлуғ сана арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан республикамиз бўйлаб катта маънавий-маърифий учрашувлар карвони ташкил этилмоқда. Мазкур адабий карвоннинг навбатдаги манзили сифатида номи ҳам илм-маърифат билан уйғун бўлган Китоб туманининг танлангани алоҳида аҳамият касб етди.
Китоб тумани ҳокимлигида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий учрашув ҳамда янги кутубхонанинг очилиш маросими ҳақиқий байрамга айланиб кетди.

Тадбирни Китоб тумани ҳокими Рустам Ғафуров юртимизда маънавият ва маърифатни юксалтириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Маънавий-маърифий учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид ҳамда «ХХI аср» газетаси бош муҳаррири, ёзувчи ва публицист Норқобил Жалил иштирок этди.

Ижодкорлар томонидан китобнинг инсон маънавияти ва тафаккурини юксалтиришдаги беқиёс ўрни, мутолаа маданиятини ривожлантириш, ёшларни адабиёт ва ижод оламига кенг жалб этиш масалалари юзасидан фикрлар билдирилди. Самимий мулоқот давомида адабиёт, маърифат ва китобхонликнинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири — янги кутубхонанинг тантанали очилиши бўлди. Замонавий ва шинам маскан эндиликда туман аҳолиси, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг китобга бўлган қизиқишини янада ошириш ҳамда илмий-маърифий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан кутубхонага китоблар тўплами топширилди. Ушбу эзгу ташаббус янги кутубхона фондини бойитиш билан бирга, китобхонлар учун адабиётларнинг янада кенг ва ранг-баранг танловини яратишга хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилар янги кутубхонада яратилган шароитлар билан танишиб, ижодкорлар билан самимий мулоқот қилди.
Дарҳақиқат, китоб — инсон тафаккурини бойитадиган, маънавиятини юксалтирадиган ва келажак сари йўл кўрсатадиган бебаҳо манба. Янги кутубхонанинг фойдаланишга топширилиши эса Китоб туманида маърифат ва китобхонлик муҳитини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
* * *
Энг улуғ, энг азиз байрам – Истиқлол айёми арафасида мустақилликнинг шарафли 35 йиллиги арафасида Китоб тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” шиори остида маънавий-маърифий анжуман ўтказилди.

Тадбирда соҳа вакиллари, жумладан, она тили ва адабиёти фани муаллимлари, нуронийлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари қатнашди.
Китоб тумани ҳокими Рустам Ғофуров улуғ байрам арафасида уюштирилган маърифий кеча доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тақдим этилган мингдан ортиқ китобнинг ҳокимлик биносида очилган янги кутубхонага топширилиши хайрли иш эканини алоҳида таъкидлади.


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид, уюшма аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил, таниқли шоир ва адиба Лола Ўроқова, уюшма аъзолари Баҳодир Баҳром, Салоҳиддин Исомиддинов, Яшин Тўраев ушбу байрамона тадбирнинг аҳамияти, ўрни нақадар азиз ва қадрли эканини эътироф этди. Ўз ижод намуналаридан ҳам ўқиб беришди.
Байрам байрамга уланиб кетди. Навбатдаги тадбирлар тумандаги маҳалла ва қишлоқларда ҳам давом этиши айтиб ўтилди. Туман ҳокимининг изоҳ беришича, яқин кунларда 35 та маҳаллада 35 та кутубхона очилар экан. Асосийси, улар учун барча турдаги минглаб китоблар олиб келинди.
Китоб ўз номи билан китоб. Туман ҳам ўз номига муносиб равишда келажакда чин маънода китобхонлар манзилига айланади.
ЎзА