Китоб ўқилмаган кун – яшалмаган умр
#Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj давом этади. Навбатдаги қатнашчи филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим. Қуйида олимнинг китоб мутолааси ва унинг фойдаси ҳақида шахсий мулоҳазаларини ўқишингиз мумкин.
#Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj давом этади. Навбатдаги қатнашчи филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим. Қуйида олимнинг китоб мутолааси ва унинг фойдаси ҳақида шахсий мулоҳазаларини ўқишингиз мумкин.
Китоб ҳақида хитоблар:
Китоб – бу инсоният томонидан бунёд қилинган, кашф этилган бебаҳо қадрият, туганмас хазина. Бу хазинадан маънавий озуқа олинади, бироқ бойлик асло тугамайди. Ўқиганлар билан ўқимаганларни, оқиллар билан жоҳилларни ҳеч қачон тенглаштириб бўлмайди. Шу жиҳатдан китоб одамларни ўзаро фарқлашга ҳам ёрдам беради.
* * *
Дунёдаги турли тилли минглаб, миллионлаб одамлар гўзал ва боқий китоблар тилида дилдан суҳбатлашади.
* * *
Умрбоқий китоблар ўз муаллифи ва у мансуб миллатни дунёга танитади.
* * *
Китоб ўқилмаган кун – яшалмаган умр.
* * *
Баланд ва ҳашаматли биноларни моҳир усталар қуради. Бу биноларга олимлар, оқиллар, донишмандлар ва уларнинг китоблари ёруғлик олиб киради. Илмдан бебаҳра кўнгил – ожиз, китобсиз уй – қоронғу зулмат.
* * *
Яхши китоб ёлғиз одамга энг ишончли ҳамроҳ, беминнат дўст, насиҳат зарурати бўлган кимсага энг доно маслаҳатгўй.
* * *
Қоғозни тирилтириш, китобга руҳ ва жон бахш этиш – истеъдод эгаларининг, чинакам олимларнинг, қалби тоза адибларнинг қисмати.
* * *
Инсон ҳаётига татбиқ қилинган китобларнинг умри ҳар куни узаяди. Ҳаётда дастурга муносиб китоб абадий тирик бўлади. Яшайди.
* * *
Инсон вужудини руҳидан ажратиш мумкин эмас. Руҳсиз танада жондан асар йўқ. Шунга монанд покиза жамиятни, ориф одамлар муҳитини яхши, фойдали, умрбоқий, ҳикматли, таъсирчан китобларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
* * *
Аслида инсон вужуди моддий ноз-неъматларга на қадар эҳтиёж сезса, унинг маънавий-руҳий юксалиши учун мўътабар китоблар шу даражада зарур бўлади. Чунки яхши китобнинг нури ҳар бир қалбга етиб боради, уни ёритади, ҳикматлар инсоннинг ҳаёт йўлини нурафшон қилади.
* * *
Менимча, яхши китоб тезроқ тугаса экан, деган зерикиш билан эмас, балки қани ҳеч тугамаса, деган хушкайфият билан ўқилади.