Киссавурлар қўлга олинди
Фарғона вилоятида киссавурлик билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 7 нафар шахсларга “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Фарғона вилоятида киссавурлик билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 7 нафар шахсларга “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Халқимиз бировнинг ҳамёнига қўл солиб эгасига билдирмай ичидагини ўғирлаб кетадиган кимсаларни киссавур дейди. Афсуски, улар бугун ҳам орамизда бор. Атрофидагиларга ўзига ишонгандай ишонадиган ёки ўз мулкининг эҳтиётини қилмаган одамлар киссавурлар нишонига айланади.
Жорий йилнинг 15 март кунига қадар Фарғона ва Қўқон шаҳарларидаги аҳоли гавжум жойларда телефон аппаратларини ўғирлаш билан боғлиқ бир нечта жиноятлар содир этилган.
Булардан 15 та ҳолатда жиноят содир этган шахслар аниқланиб, уларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлиги таъминланган. Биргина март ойининг ўзида шу турдаги жиноят содир этган шахсларнинг 7 нафарига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Киссавурлик, яъни кийим, сумка ёки бошқа қўл юкидаги ашёни ўғирлаш республикамизнинг жиноят қонунига янги киритилган оғирлаштирувчи ҳолатдир. Киссавурликнинг ижтимоий хавфлилиги, биринчидан, унинг анча кўп тарқалганлиги билан, иккинчидан, айбдор бевосита жабрланувчининг ўзида турган мулкни тортиб олиши, агар эгаси ўз мулкига суиқасд қилинаётганини пайқаб қолса, унга нисбатан зўрлик ишлатилиши хавфи туғилиши мумкинлиги билан изоҳланади. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ана шундай шахсларга нисбатан кескин кураш олиб борилаётганлигини маълум қилди. Бир марта кимнингдир ҳамёнини “шилиб” ҳузурланган бўлиши мумкин, лекин бу иллатнинг охири муқаррар жавобгарликка олиб боради.