Кишмиштепада янгиланиш ва яшариш шодиёналари
Кўп асрлик анъаналарга мувофиқ, Наврўз айёмида воҳамиз ҳунарманд ва ишбилармон кишилари ўзлари яратган ва етиштирган янги маҳсулотларни юртдошларимизга тақдим этмоқда.
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Кишмиштепа маҳалласида яшовчи Равшан Сатторовнинг ёшлигидан рассомчиликка, ҳайкалтарошликка иштиёқи баланд. Турли суратлар чизиш, лой ва гипсдан сувенир ҳайкалчалар ясашни қойиллатади. Олийгоҳда ҳам шу йўналишда ўқиган, айни пайтда мактабда ёшларга чизмачилик ва расм фанидан дарс бериб келмоқда.
Равшан Сатторов илгари ҳам кўзни қувнатадиган ҳайкалчалар ясаса-да, бу ишни шунчаки қизиқиш учун бажарар, ундан даромад олиш мумкинлигига эътибор бермаганди. Сўнг эса ўз қизиқишини бизнес-фаолиятга айлантиришга қарор қилди. Турли шакл ва ўлчамдаги сувенирлар ясаб, уларни буюртмачиларга етказиб бера бошлади. Бугунги кунда турли ҳайвонлар, қушлар ёки табиат манзаралари кўринишидаги катта-кичик ҳайкалчаларнинг харидори сероб. Ўзи истаган шаклдагисини буюртма қиладиганлар ҳам бор.
– Ясаган буюмларимиздан хонадонларда сувенир сифатида, шунингдек, турли ташкилотлар хоналари, ташқи ҳовлиларни безатишда кенг фойдаланилади, – дейди ҳайкалтарош. – Баҳорда, ободлик ва фаровонлик рамзи ҳисобланган Наврўз арафасида бу маҳсулотларимизга талаб ортади. Эътиборли томони, бугун Равшан Сатторов каби ўзи уддалай оладиган ишни тадбиркорлик фаолиятига айлантираётган кишмиштепаликлар сони ошиб бормоқда.
– Маҳалламизда юзга яқин фуқаро тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, – дейди Кишмиштепа маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Анвар Аҳмедов. – Масалан, 15 киши новвойхона ва ширинлик цехлари очган. Сўнгги икки-уч йилда 30 дан зиёд фуқароларимиз имтиёзли кредит олиб, ўз ҳовлисида кичик иссиқхоналар ташкил этди. Ҳайкалтарошлик, тунукачилик ишлари ва шу каби бошқа ҳунармандчилик турлари билан шуғулланаётганлар ҳам бор. Бундан ташқари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, савдо ёки овқатланиш каби хизмат кўрсатиш соҳаларида ўз бизнесини йўлга қўйганлар кўпчиликни ташкил этади.
[gallery-11127]
Янгиланиш ва яшариш фаслида уларнинг сафи янги ёш тадбиркорлар ҳисобидан тобора кенгайиб бораётгани янада қувонарлидир. Масалан, шу маҳаллалик Назокат Носирова ҳовлисидаги мўъжаз иссиқхонада гул етиштиради.
– Бу иш катта сармоя талаб қилмайди, – дейди у. – Дастлаб, ҳовлимизда қўлбола усулда бир сотихлик кичик иссиқхона барпо этдик. Бу ерда нима экишга келганда эса гулни танлаганман. Чунки ўзим шу ишга қизиқаман. Бундан ташқари, гулларни эътибор ва меҳр билан парваришласангиз, кичик майдондан ҳам яхшигина даромад олиш мумкин. Бир неча турдаги лола гулларини парваришлаяпмиз. Тайёр бўлганларини пешма-пеш маҳаллий бозорга етказиб берамиз. Кўп қисмини 8 март байрамига сотдик, Наврўзда ҳам буюртмаларимиз кўп бўлди. Ўзи гўзаллик рамзи бўлган бу байрамда ким ҳам гўзалликка интилмайди дейсиз?!
Ҳа, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, дейдилар. Бунга қайсидир соҳада ўз бизнесини йўлга қўйган ёки томорқани даромад манбаига айлантириб, бир парча ердан ҳам катта даромад топаётган кишмиштепаликлар ҳаёти мисол бўла олади. Бунинг исботини эса шу кунларда маҳалладаги байрам тадбирларида йўлга қўйилаётган ҳунармандчилик буюмлари кўргазмасида ва кўклам таомлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида ҳам кўриш мумкин.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА