Кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазият қандай бартараф этилади?
Урганч туманида жойлашган божхона омборида “Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш” мавзусида кўргазмали ўқув машғулоти ўтказилди.
Ўқув машғулотида объектнинг Фуқаро муҳофазаси тузилмалари, вилоят ҳамда Урганч тумани Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматларининг куч ва воситалари иштирок этди.

– Мазкур тадбир кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, бундай ҳолатлар юзага келганда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш, шунингдек, мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлашдан мақсадида ташкил этилди, – дейди Хоразм вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими Ҳожиакбар Рустамов.

Машғулот давомида шартли фавқулодда вазият юзага келган ҳолат амалий тарзда намойиш этилиб, белгиланган тартибда тегишли хизматларни хабардор қилиш, зарур куч ва воситаларни воқеа жойига жалб этиш, хавфли ҳудудни аниқлаш ва чеклаш, аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш ҳамда ёнғинни бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.

Шунингдек, кимёвий моддаларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш, уларни сақлаш ва улар билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини тезкор бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири