Кимёнинг сеҳрли оламига саёҳат
Бир томчи сув таркибида қанча сир бор? Нима учун темир занглайди? Нега осмондаги ранглар, инсон танасидаги жараёнлар ёки ошхонадаги оддий таом тайёрланиши ҳам кимё билан боғлиқ?
Бундай саволлар болани ўйлантиради. Лекин кимёни фақат формула, реакция ва мураккаб атамалардан иборат фан сифатида тасаввур қилган ўқувчи учун бу саволларга жавоб топиш осон эмас.
Аслида эса кимё — атрофимиздаги ҳаётнинг ўзи. Уни тўғри тушунтириш, боланинг қизиқишини уйғотиш ва мураккаб илмий жараёнларни унинг тасаввурига яқинлаштириш учун эса замонавий ёндашув керак.
Бухоро вилояти Педагогик маҳорат маркази томонидан яратилган “Мен ҳам кимёни ўрганаман: мўъжизалар сари саёҳат” номли замонавий анимацион таълим лойиҳаси ана шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда дунёга келди.
Кимё дарслигидаги мураккаб формулалар, атом ва молекулалар, кимёвий реакциялар бола тасаввурида баъзан тушунарсиз белгилар йиғиндисидек кўриниши мумкин. Анимация эса бу тасаввурни ўзгартиради.

Лойиҳа орқали кимё фанининг мураккаб тушунча ва жараёнлари содда, қизиқарли ва кўргазмали шаклда тушунтирилади. Ўқувчи атом ва молекулаларнинг сирли оламига виртуал саёҳат қилади, кимёвий ҳодисаларнинг қандай содир бўлишини кўради, кундалик ҳаётдаги оддий жараёнлар замирида қандай илмий қонуниятлар борлигини англай бошлайди. Энг муҳими, бола тайёр маълумотни шунчаки ёдлаб олмайди. У кўради, кузатади, савол беради, таққослайди ва хулоса чиқаради. Бу эса таълимнинг энг муҳим натижаларидан биридир.
Бугун таълим олдида турган вазифа фақат ўқувчига кўпроқ маълумот бериш эмас. Асосий мақсад — унда билим олишга қизиқиш уйғотиш. Чунки қизиқиш бор жойда изланиш пайдо бўлади. Изланиш бор жойда эса кашфиётга интилиш туғилади.
“Мен ҳам кимёни ўрганаман: мўъжизалар сари саёҳат” лойиҳасининг моҳияти ҳам шунда. У кимёни ўқувчи учун “қийин фан” эмас, балки ҳар куни унинг кўз ўнгида содир бўлаётган мўъжизаларни тушунтириб берадиган қизиқарли илм сифатида намоён этади. Масалан, оддий музнинг эриши, мева пишиши, ноннинг кўтарилиши, темирнинг занглаши, инсон организмидаги мураккаб жараёнлар — буларнинг барчаси кимё билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, кимёни ўрганиш — фақат дарсликдаги формулаларни билиш эмас. Бу ҳаётни бошқача кўра бошлаш демакдир.
Бугунги бола ахборотни қабул қилишда кечаги авлоддан фарқ қилади. У кўриш, ҳаракат, тасвир ва интерактивлик орқали берилган маълумотни тезроқ қабул қилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, таълимда рақамли технологиялар ва анимацион материаллардан фойдаланиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилояти Педагогик маҳорат маркази томонидан яратилган мазкур лойиҳа ҳам таълим жараёнига замонавий ёндашувни олиб киришга қаратилган. Анимация ёрдамида кўзга кўринмайдиган атомлар, молекулалар ва микроскопик жараёнларни ўқувчи тасаввурида жонлантириш мумкин. Бу эса ўқитувчи учун ҳам янги имконият. Мураккаб мавзуни тушунтиришга кетадиган вақт қисқаради, ўқувчининг диққати ошади, дарс жараёни янада жонли ва мазмунли тус олади.
Юртимизда кейинги йилларда таълим тизимини замонавийлаштириш, ёшларнинг илм-фанга қизиқишини ошириш, табиий ва аниқ фанларни чуқур ўқитиш, замонавий педагогик технологияларни таълим жараёнига кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан таълим сифатини ошириш, ўқувчиларни замонавий билим ва касбларга тайёрлаш, уларнинг илмий-тадқиқотчилик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнда ҳар бир замонавий таълим лойиҳаси — айниқса, болани мустақил фикрлашга, кузатишга ва изланишга ундайдиган ташаббуслар — муҳим аҳамият касб этади.
“Мен ҳам кимёни ўрганаман” лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Энг катта натижа — ўқувчининг “Мен буни тушунмадим” деган муносабатини “Нега бундай бўлади?” деган саволга айлантиришдир. Чунки буюк кашфиётлар айнан саволдан бошланади. Бугун кимёга қизиққан мактаб ўқувчиси эртага муҳандис, фармацевт, олим, технолог ёки тадқиқотчи бўлиши мумкин. Унинг бугунги қизиқиши келажакдаги илмий кашфиётнинг илк қадамига айланиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун лойиҳанинг асосий мақсади — кимёни ўргатиш билан бирга илмий фикрлайдиган, савол беришдан қўрқмайдиган, кузатадиган ва изланадиган авлодни тарбиялашдир.
“Кимё — қизиқарли ва тушунарли фан!” деган ғоя асосида яратилган ушбу лойиҳа таълимдаги бир муҳим ҳақиқатни эслатади: болага илмни севдириш учун унинг қалбига йўл топиш керак.
Агар мураккаб мавзу қизиқарли тилда тушунтирилса, формула ортидаги маъно очилса, назария ҳаётдаги мисоллар билан боғланса — ўқувчи фанни мажбурият сифатида эмас, кашфиёт сифатида қабул қила бошлайди.
Балким, бугун экранда атом ва молекулаларнинг ҳаракатини ҳайрат билан кузатаётган бола эртага янги дори яратади. Балким, янги материал кашф қилади. Балким, инсон ҳаётини енгиллаштирадиган технологияни ихтиро қилади.
Шу маънода, “Мен ҳам кимёни ўрганаман: мўъжизалар сари саёҳат” — шунчаки анимацион дарслар тўплами эмас. Бу — болани формуладан фикрга, қизиқишдан изланишга, изланишдан кашфиётга етаклайдиган саёҳатдир. Ва эҳтимол, кимёнинг бугунги кичик “мўъжизалари” орасида эртанги кашфиётлар уруғлари аллақачон бордир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири