Кимё саноати корхоналари ривожлантирилади
Президентимизнинг жорий йил 13 февралдаги “Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, кимё саноатини трансформация қилишнинг узоқ муддатли асосий муҳим йўналишлари белгиланди.
Унга кўра, 2021 йилдан янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишда асосан хусусий, шу жумладан, хорижий инвесторлар ва технологик шерикларни жалб қилишни назарда тутувчи “Кимё ва газ-кимё саноатида технологик кластерларни яратиш бўйича очиқ ҳамкорлик дастури” жорий этилади.
Қарор билан Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва амалга ошириш муддатлари жадаллаштириладиган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, умумий қиймати 1 176 миллион АҚШ долларига тенг, шундан 700 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан молиялаштириладиган 2021-2025 йилларда кимё корхоналарида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, мавжуд хомашё базасидан самарали фойдаланиш орқали юқори қўшимча қийматга эга бўлган кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган 16 та янги инвестиция лойиҳаси рўйхати тасдиқланди.
Қарорга кўра, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва тармоқлараро кооперацияни ташкиллаштириш, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутувчи хусусий ва хорижий инвесторлар иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларга устуворлик берилади.
Шунингдек, 2024 йилга қадар “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарида ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари, молиявий, хўжалик ва ташкилий фаолиятни бошқариш ва мониторинг қилиш, ишлаб чиқарилган товарларни сотиш, етказиб бериш ва улардан фойдаланишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий қилинади.