Кимлар йилнинг энг яхши нотариуслари бўлди?
Ўзбекистон Нотариал палатаси «Йилнинг энг яхши нотариуси» ва «Йилнинг энг яхши Нотариал палата ходими» танловини ўтказди.
Бош Қомусимизнинг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган танлов икки босқичда ташкил этилиб, нотариусларнинг касбий маданияти ва билимини ошириш, фаол ва билимли нотариусларни рағбатлантиришга қаратилган.
Танловнинг ҳудудий босқичлари ғолиблари республика босқичида иштирок этиб, фаолиятлари ҳақидаги видеороликни танлов ҳайъатига тақдим қилди. Конституция ҳамда нотариат соҳасига оид савол-жавобларда нотариусларнинг билими, ҳозиржавоблиги синовдан ўтказилди.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ташкил этилганига яқинда уч йил бўлади. Палатага аъзо бўлган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар сони эса минг нафарга яқинлашиб қолди.
Палата раиси Дилшод Ашуров фаол ва қонун доирасида фаолият юритаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонун ва нормаларга риоя этган ҳолда аҳолига юксак савияда ҳуқуқий хизмат кўрсатаётган нотариуслар рағбатлантириб борилишини қайд этди. Нотариат соҳасида Ўзбекистон амалиётини хорижга олиб чиқиш орқали мамлакат нуфузи яхшиланишига ҳисса қўшишда қонуний ишлайдиган фаол нотариуслар муҳим ўрин тутади.

Танлов иштирокчилари орасида билимли ва ҳозиржавоб иштирокчи деб топилган Жиззах вилояти Бахмал туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Шердор Қўчқоров 1-ўрин, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Зарнигор Набираева 2-ўрин, Бухоро шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Дилобар Бозорова – учинчи ўринга муносиб, деб топилди. Уларга палатанинг қимматбаҳо совғалари – компьютер жамланмаси, телевизор ҳамда принтер тантанали равишда топширилди.
«Энг яхши Нотариал палата ходими» танловида 1-ўрин Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Аброр Қўчқоровга. 2-ўрин Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Фарҳод Жумаевга, 3-ўрин Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Алишер Ҳамроевга насиб этди. Ғолиблар муносиб тақдирланди.
Н.Абдураимова, ЎзА