Ким ҳақ: прокурорми ёки ички ишлар ходими?
Ижтимоий тармоқларда ички ишлар бўлими бошлиғи шаҳар прокурорининг ноқонуний талабларини бажаришни рад этгани ҳақидаги видео тарқалди.
Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича муносабат билдириб, расмий маълумот тақдим этди.
Аниқланишича, фуқаро Б.Х. тегишли ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига кириш дарвозаси ёнида савдо дўкони қуриб олган. Савдо дўкони тез тиббий ёрдам машиналарининг шифохона ҳудудига кириб-чиқишига тўсқинлик қилгани ва фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётгани учун у ноқонуний қурилмани ихтиёрий бузиш тўғрисида бир неча марта огоҳлантирилган ва маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган. Шунга қарамай ноқонуний қурилишни бартараф этиш чоралари кўрилмаган.
Мазкур ҳолат Қарши шаҳар прокурори томонидан назоратга олинган. Шу йил 13 апрель куни Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги 4-сонли ИИБ бошлиғи мутасадди идоралар билан биргаликда Б.Х.га ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш бўйича кўрсатма бериш учун борган.
Шу вақтда Б.Х.нинг турмуш ўртоғи масъул ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбурлаш мақсадида савдо дўконини бузмаслигини билдириб, кийимларига бензин сепиб, ўзини-ўзи ёқиш билан қўрқитган.
ИИБ бошлиғи ўзига юклатилган вазифаларни бажаришдан бўйин товлаб, фуқарога ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш ҳақидаги далолатномани топшириш чораларини кўрмасдан, сохта обрў орттириш мақсадида шаҳар прокурорининг ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажариш ҳақидаги талабига нисбатан гўёки прокурор фуқаро манфаатларига зид ҳаракат қилаётгани ҳақида асоссиз важлар келтириш орқали эътироз билдирган.
Маълумот ўрнида, Б.Х. томонидан ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний бино ихтиёрий бартараф этилмагани сабабли Кадастр агентлиги Қарши шаҳар бўлими томонидан судга киритилган даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2023 йил 5 майдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган. Жавобгарга ноқонуний қурилмани мажбурий тартибда буздириш ва ер майдонини фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юклатилган.
ЎзА