Кичкинтойларга янги маскан туҳфа этилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Гулистон шаҳрининг Ниҳол маҳалласида 330 ўринга мўлжалланган 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 7,8 миллиард сўм бўлган лойиҳа асосида қайта қурилган мазкур муассасада болажонларнинг таълим-тарбия олиши учун замонавий ва қулай шароитлар яратилди.
Янги бинодан фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Гулистон шаҳар ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимлари, муассаса тарбияланувчилари ва уларнинг ота-оналари, шунингдек, нуронийлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёш авлод таълими ва тарбиясига қаратилаётган эътибор, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр билдирдилар. Янги муассаса мустақиллик туфайли яратилган имкониятлар, давлат раҳбарининг таълим соҳасига, хусусан, болалар тарбиясига қаратаётган юксак эътиборининг амалий самараси экани таъкидланди.
1987 йилда қурилган эски бино ўрнига замонавий талаблар асосида барпо этилган янги муассаса “Гулистон Дарё Булдинг” МЧЖ томонидан амалга оширилган лойиҳа асосида бунёд этилди. Қурилиш ишларига 7,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
[gallery-31161]
Муассасада тарбияланувчилар учун ёруғ ва шинам хоналар, замонавий жиҳозлар ҳамда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш учун зарур шароитлар яратилди. Бу ерда болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантириш, уларни мактаб таълимига пухта тайёрлаш учун муносиб имкониятлар мавжуд.
Янги боғчанинг фойдаланишга топширилиши, айниқса, маҳалладаги ота-оналар учун қувонарли воқеа бўлди. Зеро, бола учун яратилган ҳар бир қулайлик — унинг соғлом ва баркамол улғайишига қўйилган муҳим қадамдир.
Тадбир якунида нуронийлар янги масканга файзу барака, тарбияланувчиларга соғлом ва бахтли болалик, устоз ва тарбиячиларга эса шарафли меҳнатларида муваффақият тиладилар.
Кичкинтойларнинг қувончи, ота-оналарнинг мамнунлиги ва нуронийларнинг эзгу тилаклари мужассам бўлган бу кун Ниҳол маҳалласи ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА