Хотин-қизлар доимо эътиборда
Фарғона вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, турмуш тарзини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эндиликда улар уй юмушлари, фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда фойдали меҳнат, ҳунар эгалари бўлиш орқали ўз оиласи фаровонлиги, тинч-тотувлигига муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Риштон туманидаги “Янги бўжай” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мадина Зокирова турмуш ўртоғидан ажрашиб ота уйига қайтиб келганига саккиз йил бўлди. Оилада ота-онасидан ташқари, укаси оиласи билан яшайди. У меҳнатга лаёқатли, фақат қўлида ҳунари йўқ. Оиладаги мавжуд ҳолат билан танишган маҳалла фаоллари уни янги ташкил этилган “Roshidon baraka chevarlari” масъулияти чекланган жамиятида ишлашга таклиф қилди. Дастлаб туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ёрдамида касб-ҳунарга ўқитилиб малака оширди. Бугун замонавий тикув дастгоҳларини маҳорат билан бошқараётган Мадинага кўпнинг ҳаваси келади. Уй юмушлари, фарзанд тарбиясидан ажралмасдан фойдали меҳнат билан андармон бўлаётган оилада тинчлик тотувлик ҳукмрон.
– Ҳозирга қадар 5 нафар ногиронлиги бор, 24 нафар кам таъминланган хотин-қизлар иш билан таъминланди, – дейди “Янги бўжай” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокиржон Мадраҳимов.–Бундан ташқари, 5 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож аёллар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, уч нафарига иссиқхона қуриш учун банк сармоялари олишга кўмаклашилди. Шунингдек , “уста шогирд” анъаналари асосида хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу борада тадбиркор Гулчеҳра Отабоеванинг амалий ёрдами қўл келмоқда. Айни кунда оилавий корхонада ўнлаб маҳалла хотин-қизлари иш билан таъминлангани асносида мустақил ҳунар ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда.
Қўштепа туманидаги “Хумдон” маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун замонавий уй — жой қуриб берилди. Бу бежиз эмас. Аҳоли муаммоларини ўрганиш, ёрдамга муҳтож хотин — қизларни қўллаб -қувватлаш мақсадида қад ростлаган янги уйлар муҳтож оилаларга фаровонлик, тотувлик олиб кирмоқда.
– Ўн беш йилдан буён ижарада яшаб келардим, –дейди янги уй соҳибаси Рўзихон Исомиддионова. – Тўнғич қизим болаликдан ногирон. Оилавий аҳволимиз, яшаш тарзимиз билан яқиндан танишган маҳалла мутасаддиларининг амалий ёрдами билан бизга бошланғич тўловларсиз уй- жой берилди. Янги уй оиламизга янги ҳаёт, фаровонлик олиб келди.
Маълумотларга қараганда, мазкур маҳаллада 80 та оилага мўлжалланган 4 та замонавий кўп қаватли уй- жойлар бунёд этилган. Барча қулайликларга эга бўлган қулай инфратузилма тармоқлари олис масканга янги ҳаёт нафасини олиб кирди, аҳоли фаровонлиги, ҳамжиҳатлигини ошириш имкониятини берди.
Фарғона туманидаги “Кончилар” маҳалла фуқаролар йиғинида Шарофат Ахунжонова бир нафар фарзанди, биринчи гуруҳ ногирони бўлган отаси билан бир хонали уйда яшаб келади. Уй таъмирталаб, ёмғир ёғса чакки ўтади. Яшаш учун оддий шароитларнинг йўқлиги оилага ўзига хос ноқулайлик, қийинчиликлар туғдириб келарди. Оиланинг яшаш тарзи, имконияти билан яқиндан танишган вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сенатор Топиболди Холдоров ташаббуси билан хонадонда таъмирлаш ишлари бошланди. Уй томи шифер қилинди, эшик — ромлар янгиланиб замонавий уй- жиҳозлари билан таъминланди. Уй олди айвонида ҳам зарурий шароитлар яратилди.
Вилоятда хотин –қизлар фаолияти билан боғлиқ бўлган муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этишга кўмаклашишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар хотин–қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида 23 минг 850 нафар ногирон хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ногиронлик тури, меҳнатга лаёқатлик даражаси, бугунги кундаги фаолияти, оилавий шароитлари, қармоғидаги шахслар ёки кимнинг қарамоғида эканлиги, эҳтиёжлари таҳлил қилинди.
Ўрганиш давомида аниқланган асосий ва энг долзарб масала бу иш ўринлари яратиш билан боғлиқ. Бугунги кунда уларни ишга жойлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик йўналишларида иш олиб боришлари борасида “йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда. Айни кунгача оғир шароитдаги хотин — қизларнинг 956 нафари доимий ишга, 1 минг 37 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 388 нафари эса ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, томорқачилик йўналишларига жалб этилди. Бундан ташқари, 4 минг 118 та имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка ёлғиз хонадонлар ихтиёридаги 562 гектар ер майдонларига сабзавот экинлари экиб берилди, 43 та хонадондаги 1,29 гектар майдонга иссиқхона қуришларида амалий ёрдам кўрсатилди.