Хорижлик талабалар Бухорода
Бухоро яна таълим ва фан марказига айланмоқда. Бугунги кунда Бухоро вилояти олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига хорижий мамлакатлардан келиб, 2000 га яқин ёшлар таҳсил олмоқда.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар Бухоро бугунги кунда ҳам янада тараққий топиб, чирой очмоқда. Бухоро вилояти бугун саноатнинг барча тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва бир қатор йўналишларда Республикада пешқадам. Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз бошчиликларида олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар вилоятда бугунги кунда фаолият кўрсатаётган тўрт олий таълим муассасалари моддий-техник базасини тубдан такомиллаштиришга, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Қадимий Бухорога келиб, таълим олишга бўлган қизиқиш нафақат қўшни давлатлар балки бошқа мамлакат фуқароларида ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Бухоро яна таълим ва фан марказига айланмоқда. Бугунги кунда Бухоро вилояти олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига хорижий мамлакатлардан келиб, 2000 га яқин ёшлар таҳсил олмоқда.
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида ҳам Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Украина, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа мамлакатлардан 307 нафар хорижий фуқаролар таҳсил олмоқда.
Мамлакатимизда бугунги кунда олий таълим тизимида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар (жумладан, ОТМларга молиявий мустақиллик бериш, ректорларга хорижий талабалар учун тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда белгилаш) хорижий талабалар сонини янада оширишни, уларнинг географиясини кенгайтиришни тақозо этмоқда. Институт раҳбарияти хорижий ҳамкорлар билан биргаликда чет эл фуқароларини институтга жалб этиш бўйича тарғибот ишларини йўлга қўйган.
Хорижий талабаларнинг ўз ватанидан бошқа мамлакатга бориб таҳсил олишида у ерда яратилган шарт-шароитлар, таълим сифати ва ўқув муассасасининг халқаро мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Бухоро давлат тиббиёт институтида ҳам мунтазам ишлар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, институтнинг замонавий талабларга жавоб берадиган янги 900 ўринли ўқув биноси, 600 ўринли ётоқхона, 200 ўринли клиника ва симуляцион марказининг қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. 2019-2020 ўқув йилига тайёргарлик кўриш мақсадида 5,5 млрд. сўм қийматидаги мавжуд 400 ўринли ётоқхона капитал таъмирланиб, у ерда хорижий фуқароларнинг истиқомат қилиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Бухоро давлат тиббиёт институтининг бош биносида АҚШнинг PeopleHive LLC компанияси билан ҳамкорликда талабалар учун ошхона, давлат-хусусий шериклик асосида қайта таъмирланиб, қиймати 500 млн. сўмга тенг лойиҳа амалга оширилди.
Дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, турли халқаро таълим лойиҳаларида иштирок этиш, таълим жараёнини халқаро илғор тажрибага асосланиб ташкил этиш мақсадида институт халқаро ҳамкорлар сонини мунтазам ошириб бормоқда. Бугунги кунда Бухоро давлат тиббиёт институти дунёнинг 25 та давлатида жойлашган 180 дан ортиқ етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот марказлари ва ташкилотлар билан самарали алоқаларни ўрнатишга улгурди. Улар билан мунтазам ҳамкорлик ишларини ташкил этиб бориш институт раҳбарияти олдида турган долзарб масала.
2020 йилнинг бошидан бутун дунёда тарқала бошлаган COVID-19 коронавирус инфекцияси мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. 2020 йилнинг март ойида мамлакатимизда эълон қилинган пандемия олий таълим муассасалари фаолиятига ҳам бир қатор ўзгаришларни олиб кирди. Жумладан, институтнинг барча талабалари учун масофавий дарслар ташкил этилди. Пандемия туфайли ўз мамлакатига кетолмай қолган 287 нафар туркманистонлик ҳамда ҳиндистонлик хорижий талабалар учун ҳам ётоқхонада онлайн дарсларни ташкил этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди. Бу эса институтда олиб борилаётган тиббий таълимнинг узлуксизлигини таъминлашда асосий восита бўлиб хизмат қилди.
Карантин шароитида ётоқхонада истиқомат қилаётган талабаларга барча шарт-шароитларни яратиш мақсадида институт томонидан бепул озиқ-овқат таъминоти ташкил этилиб, 14 турдаги маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Қолаверса, барча талабалар куну-тун навбатчи шифокор назоратида. Ушбу кўрсатилаётган ғамхўрлик учун хорижий талабалар Президентимизга, бутун ўзбек халқига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишмоқда.