Хоразмда деворбоп гулқоғозлар ишлаб чиқариш ҳажми ортади
Хоразм вилоятида бугунги кунда қурилиш саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 420 та корхона фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 30 декабрда парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан учрашиб, йил якунларини сарҳисоб қилди ва 2020 йилдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Йиғилишда, хусусан, қурилиш-пудрат ва лойиҳа бозорини тартибга солиш, бу бозорда эркин рақобат муҳитини ва замонавий шаҳарсозлик меъёрларини жорий этиш, қурилишни арзонлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Хоразм вилоятида бугунги кунда қурилиш саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 420 та корхона фаолият юритмоқда.

Ўтган 2019 йилда жами 188,4 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштириш ҳисобига 51 та лойиҳа ишга туширилиб, 375 та янги иш ўрни яратилган. Вилоятда қурилиш материллари ишлаб чиқариш лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳисобига 42,1 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари ташкил қилинди.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 2019 йилда 98 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳамда 4 миллион 900 минг доллар миқдорда валюта иқтисод қилинишига эришилган.
Янги ишга тушган “New Best Style” масъулияти чекланган жамияти ҳам “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг нуфузи ортишига хизмат қилди. Ҳозирда ушбу корхонада турли ўлчамдаги гулқоғозлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг гулқоғоз ишлаб чиқариш йиллик қуввати 700 минг рулонни ташкил этади.

Корхона босқичма-босқич ишлаб чиқариш қувватини ошириб боради. Хусусан, 2020 йили умумий қиймати 6 миллиард 830 миллион сўмлик бўлган 490 минг рулон маҳсулот тайёрланса, шундан 147 минг рулони экспорт қилинади. 2021 йилда 560 минг рулон гулқоғоз ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб, 168 минг рулон тайёр маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган. Корхона энергия тежамкор, замонавий технологиялар билан жиҳозланган.
– Хоразм вилояти иқтисодиётига жалб қилинадиган тўғридан-тўғри инвестицияларни кўпайтириш мақсадида Президентимизнинг “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ташкил қилиш бўйича қарори чиққач, биз ҳам ўз лойиҳаларимизни таклиф қилдик ва дастурга киритилдик, – “New Best Style” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мансур Бекжонов. – Корхонамизда икки йил давомида қурилиш ишлари давом этди. Ишлаб чиқарган маҳсулотларимизнинг 30 фоизи, яъни 2 ярим миллион долларлик ҳажмдаги гулқоғозлар хорижга экспорт қилинади. Корхона техник ускуналар Хитой давлатидан келтирилган.
Ўрнатилган ускуналар айни дамда энг замонавий ускуналар ҳисобланади ва кунига икки ярим минг ўрамдаги гулқоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга.
Корхона фаолияти йўлга қўйилганлигининг яна бир муҳим жиҳати ёшларнинг бандлиги таьминланганидир. Ҳозир корхонада 100 дан ортиқ ишчи-хизматчи ишлайди ва уларнинг кўпчилиги маҳаллий аҳоли ўртасида танлаб олинган.
Халқаро бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот турларини кўпайтиришда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг алоҳида ўрни бор.