Хоразм қовунчилик мактаби қайта тикланади
Қадимдан Хоразм қовунларининг довруғи етти иқлимга маълум бўлган.
Қадимдан Хоразм қовунларининг довруғи етти иқлимга маълум бўлган. Шу заминда етиштирилган қовунларни воҳа миришкорлари савдо карвонларида дунёнинг турли нуқталарига экспорт қилган.
Фикримиз исботи сифатида 1333 йили Хоразмга ташриф буюрган араб сайёҳи Ибн Баттута ўзининг “Саёҳатнома” асарида “Хоразм қовунининг дунёда тенги йўқ. Қовун қоқисини савдогарлар ҳатто Хитойга, Ҳиндистонга олиб кетишади”, дея таъкидлаган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, воҳада қовуннинг 400 дан зиёд навлари етиштирилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда ушбу вилоятга ташрифи чоғида Хоразм қовунчилик мактаби довруғини қайта тиклаш, Урганч давлат университети қошида қовунчилик марказини ташкил этиш ва полизчилик йўналишида мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш юзасидан тавсия ҳамда таклифларини билдирган эди. Ҳозирги кунда мазкур топшириқлар ижроси доирасида тизимли ишлар амалга оширилаяпти.
Урганч давлат университети ўқув-тажриба хўжалигида қовунчилик бўлими ташкил этилган ва илмий-тадқиқот олиб бориш учун 7 гектар ер майдони ажратилган. Қовун навларининг уруғчилиги ва етиштириш агротехнологияси, касаллик ва заракунандаларга қарши кураш ҳамда қовун маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш секторлари фаолият кўрсатмоқда.
Урганч давлат университети қовунчилик бўлимида битта докторант ва 6 та илмий ходим фаолият олиб бормоқда. Соҳа ходимларнинг фикрича, бўлим ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжуд экан. Жумладан, қишлоқ хўжалик техникаси ва ерга ишлов бериш агрегатлари етишмайди.
– Мақсадимиз Хоразм қовунлари довруғини қайта тиклаш, йўқолиб бораётган навларни асраб, воҳа тупроқ ва иқлим шароитига мос, экспортбоп навларни кўпайтиришдан иборат, – дейди Урганч давлат университети қовунчилик бўлими бошлиғи Санжар Саъдуллаев. – Шу билан бирга, қовунчилик борасидаги илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш, деҳқон ва фермерлар учун илмий асосланган тавсияномалар ишлаб чиқиш, талабалар назарий олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-дала амалиётларини ташкил қилишни мақсад қилганмиз.
Соҳада олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, қовуннинг ўрта пишар гурак, қора гурак, оқ гурак, кўк гурвак, оқ новвот, ич қизил, кичкинтой, шакарпалак, қора қўтир, бешак, чоржўй гулоби ва кеч пишар саховат, амударё, гулоби хоразмий, заргулоби, гурлан, олаҳамма, андирхон, сурхон бешаги, суюнчи каби қадимий навлари қайта тикланмоқда.
Бугунги кунда бўлимда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг фан-техника ютуқлари ҳамда илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда қовун навлари уруғларини етиштириш, агротехника жараёнини механизациялаш, меваларни сақлаш ва қайта ишлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга шўрланган ерларда қовун етиштириш технологиясини такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилмоқда. Қовунни иссиқхона хамда очиқ далаларда етиштириш бўйича илмий кластер лойиҳасини ташкил қилиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.