Хизмат машиналари иш самарадорлигини оширади
Қашқадарё вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва унинг шаҳар хамда туман марказларига 10 дона хизмат автомашинаси берилди.
Қашқадарё вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва унинг шаҳар хамда туман марказларига 10 дона хизмат автомашинаси берилди.


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Қашқадарё вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва унинг шаҳар ҳамда туман марказларига 10 дона хизмат автомашинаси ажратилди. Ушбу тадбирни амалга ошириш учун Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги 2020 йил 29-январдаги фармойиши асос бўлиб хизмат қилди. Автомашиналарнинг хариди билан боғлиқ харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга карши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланди.


Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бугунги кунда соҳа ходимлари олдида турган масъулият ва олиб борилаётган тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш борасида давлатимиз томонидан йўлга қўйилган чора-тадбирлар ҳақида ўз фикрини билдирди.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ахборот хизматининг маълум қилишича, махсус хизмат автомашиналари биринчи навбатда транспорт воситаларига эҳтиёжи бор, шунингдек, ҳудудий жиҳатидан йирик, аҳолиси гавжум бўлган ҳудудларга ажратилган. Натижада вилоятнинг Чироқчи, Деҳқонобод, Ғузор, Косон, Шаҳрисабз каби 8 тумани ва шаҳарларининг санитария эпидемиологик хизматлари фаолияти янги техникалар билан бойитилди.