Хирмон мўл-кўл бўлади...
Ўрилган донни ташишга 955 та техника воситаси, яна 73 та ёқилғи ташишга мўлжалланган автомашиналар ҳозирланган.
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов бошчилигидаги мутасаддилар, ҳудуд секторлари, қишлоқ хўжалигига алоқадор корхона-ташкилотлар раҳбарлари воҳанинг энг чекка ҳудуди ҳисобланмиш Қоровулбозор туманида бўлди.
У ерда ҳудуднинг «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритиб келаётган пешқадам ва кўп тармоқли «Алишер Маржона» фермер хўжалигининг боғида ташкил этилган ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олишга бағишланган тадбирда иштирок этди.
Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, бу йил воҳада бевосита ғаллачиликка ихтисослаштирилган 2860 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 60 минг 600 гектар майдонда буғдой етиштирилиб, давлат шартнома режасига мувофиқ 179 минг 683 тонна ғалла олиш учун мардонавор меҳнат қилинди. Жойларда ташкил этилган механизациялаштирилган отрядлардаги “Case”, “Class” “Claass Dominator”, “Nyu Holland”, “Viktor” русумли жами 191 та комбайн шай ҳолга келтирилган.
Ўрилган донни ташишга 955 та техника воситаси, яна 73 та ёқилғи ташишга мўлжалланган автомашиналар ҳозирланган.

Юқори унумли комбайнларнинг 45 таси туманнинг дала-ерларида ўримни йиғиштиришда хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Вобкент туманининг чўлқуварлар туманидаги алоҳида ғалла майдонига эга 24 та комбайн жорий мавсумдаги ишини тўлиқ бошлади.
Бу йил ҳудуддаги «Навбаҳор», «Жарқоқ» ва «Бўзачи» маҳалла фуқаролар йиғинларида бевосита ғаллачиликка ихтисослашган 147 та фермер хўжалигининг 5 минг 525 гектарида асосан «Старшина» навли етиштирилган сара буғдой ҳосилини сифатли ўриб, саранжомлаб олишга етарлича дон ташувчи автомашиналар, ёқилғи таъминоти ва техник хизмат кўрсатувчилар, ички ишлар ҳамда ёнғин хавфсизлиги ходимлари жалб этилган. Мақсад миришкор фермер хўжаликлари ихтиёрида қоладиган ҳосилдан ташқари шартнома режасида белгиланган 13 минг 858 тонна сара донни давлат омборига киритишдан иборатдир. Бунинг учун ҳудуддаги «Қоровулбозор» ҳамда «Жарқоқ» дон қабул қилиш масканларида етарли шарт-шароит мавжуд.
Ғалла хирмонига ҳисса қўшадиган ҳар бир комбайн операторига 1 миллион сўмдан бўнак пули, 50 килограмм ун, 10 килограмм ўсимлик ёғи, яна озиқ-овқат маҳсулотлари берилган.
«Навбаҳор» МФЙдаги «Истиқлол», «Эгамобод», «Давронбобо», «Фазо-БЗШ», «Бўзачи» МФЙ даги «Дилором Дилбар», «Нурали Шаҳло», «Замир Амон», «Фармон бобо», «Жарқоқ» МФЙ даги «Малика Маҳмуд», «Муҳсин Исломбек Билолбек», «Назокат Пари Мардон Мирзо» каби ўнлаб фермер хўжаликларида ўримнинг биринчи кунидан кўзланган хирмонни бунёд этишга қизғин киришилди.