КХДР янги ракеталарни синовдан ўтказди
Шимолий Корея бир неча қисқа масофали баллистик ракеталарни синовдан ўтказди, деб хабар бермоқда "DW" нашри.
Жанубий Корея манбаларининг қайд этишича, ракета синови дастлаб Пхеньян атрофидан амалга оширилган. Орадан бир соат ўтиб, Вонсан ҳудудидан Шарқий денгиз томон бир неча баллистик ракета учирилган.
Мазкур жараёнлар фонида Сеулда Миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши чақирилди. Расмийлар КХДРдан БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорларини бузувчи ҳаракатни тўхтатишни талаб қилди.
Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён сўнгги вақтларда Шимолий Корея билан муносабатларни юмшатишга қаратилган қадамлар ташлаган эди. Бироқ Пхеньян расмийлари Жанубий Кореяни душман давлат сифатида таъкидлаб, кескин баёнотлар билан чиқишда давом этяпти.
Маълумот ўрнида: бу жорий йилда КХДР томонидан ўтказилган тўртинчи ракета синови ҳисобланади.
Д.Ҳакимов, ЎзА