"Хатолардан хато хулоса чиқаряпмиз!”
Материалда ҳозирги мураккаб жараёнда таълим тизимида қандай муаммолар бор ва уларни бартараф этиш учун қайси чора-тадбирларни амалга ошириш тақозо этилади, деган саволларга жавоб изланган.
Яқинда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бугунги пандемия шароитида мактабларда дарсларни хавфсиз тарзда қайта тиклаш "энг муҳим вазифа" эканини таъкидлади. Шунингдек, унинг айтишича, ҳозир биз авлодларни "йўқотиш" хавфи билан юзма-юз турибмиз, бу беҳисоб инсоний потенциални пучга чиқариши, ўнлаб йиллар давом этган тараққиётга путур етказиши ва тенгсизликни кучайтириши мумкин. Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, дунёнинг қарийб 160 мамлакатида мактабларнинг ёпилгани 1 миллиарддан ортиқ ўқувчилар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
"Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган Навоий давлат педагогика институти ректори Баҳодир Собиров билан суҳбатда шу мавзу қаламга олинган. Материалда ҳозирги мураккаб жараёнда таълим тизимида қандай муаммолар бор ва уларни бартараф этиш учун қайси чора-тадбирларни амалга ошириш тақозо этилади, деган саволларга жавоб изланган... Шунингдек, нашр саҳифаларида "Ёпиқ эшиклар очилди", "Тизимдаги муаммолар бировники эмас, ўзимизники" каби сарлавҳали мақолаларни ҳам ўқишингиз мумкин.
"Агар шоир, адиб минг бор истеъдодли бўлмасин, гар замона норасо бўлса, ижодкорнинг баҳор умри хазонга юз тутганини тарих бизга кўрсатиб турибди, – деб ёзади Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зулфия Мўминова "Янги Ўзбекистон" газетасида чоп “Бу кунларни шеър қил, шоирим" номли мақоласида. –Адиб бўлгани учун, халқининг дардини ёзгани учун Алвастикўприк деб номланган қатл жарликларида отиб ўлдирилган ўзбек романчилигининг бетакрор намояндаси Абдулла Қодирийнинг қонли юраги гурсиллаб уришини биз, бугуннинг ижодкорлари замонлар оша эшитмасликка ҳаққимиз йўқ... “Навоий” романини ёзиб, ўз халқининг қаддини тиклаган ва бу бахтдан ўзи ҳам мамнун Ойбекнинг юксак ижоди ерга урилганида адибнинг ҳолатини тасаввур этиш нақадар оғир, нақадар мушкул. Ҳазрати Навоий хотирасига ҳурматсизлик қилганларнинг гапини маъқуллаган замонаси бедодлиги адибни тилдан қолдирди..."
"Маърифат" газетасида Касби туманидаги 31-мактаб директори Нурмамат Ҳасановнинг “Дарс соати қисқариши тўғрими?” сарлавҳали материали берилган. Ундан шундай мулоҳазалар ўрин олган: “Ўзи биргина товуш талаб қилинадиган тушунчаларга эътибор қаратинг: унлими-ундош, жаранглими-жарангсиз, портловчими, сирғалувчими, титровчими, тил олдими, тил орқами, юқори торми, юқори кенгми, лаб-лабми, лаб-тишми, бурун товушими, бўғизми? Хуллас, шунга ўхшаб яна ўнлаб тушунчаларни билиш талаб этилади. Бу биргина товушга қўйиладиган талаблар”. Шундай мисолларни келтирар экан, муаллиф фанни ўқитиш мураккаблашиб кетганини айтади, амалий машғулотларга ўрин кўпроқ берилишини таклиф қилади. Аммо бу мураккаблик она тили дарс соатларини қисқартиришга сабаб бўлолмаслигини таъкидлайди... Бинобарин, газетада “Хатолардан хато хулоса чиқаряпмиз!”, "Устоз, “нормалний” болаларга ҳам дарс берасизми?”, “Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди” номли мақолалар ҳам эълон қилинган...
"Овози тожик" газетасида Фарғона вилоятининг Сўх тумани, "Ленбур" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида "Шабафрўз" хусусий мактабгача таълим муассасаси очилгани ҳақида хабар берилган. Қайд этилишича, бу – тумандаги бешинчи хусусий боғча. Келажакда яна бешта шундай муассаса очилиши режалаштириляпти...
***
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.