Халқ таълими тизимида қандай муаммолар бор?
“Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди...”
Замонавий дунёда ҳамма нарса ўзгача – ғайри оддий бўлади. Олам тамаддуни ўзаги саналган таълим тизими ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Юртимиздаги ислоҳотлар негизида ёш авлодни ҳар томонлама тўғри тарбиялаш учун устозларнинг салоҳияти ва юксак таълим технологияларидан унумли фойдаланиш масалалари биринчи ўринда туради. Муҳими, 2030 йилгача халқ таълими тизимини ривожлантириш концепциясида ҳам босқичма-босқич ривожланиш кўзда тутилаётгани, янгиланишлар бардавомлигини англатади.
Маълумки, жорий йил 23 август куни Давлатимиз раҳбарининг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида устозларнинг обрў-нуфузини ошириш борасида дадил таклифлар илгари сурилди.
Ўтмишга бир қур назар соладиган бўлсак, ҳар қандай тараққий этган миллат ҳаётидаги ислоҳотлар аввало, таълим-тарбияга эътибордан бошлангани айни ҳақиқатдир. Боиси, мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Бугунги кунда, таълим-тарбия ишига 13 минг нафарга яқин эркак ўқитувчининг қайтиши таълимнинг сифат кўрсаткичларини яхшиланиши баробарида тарбия масаласидаги айрим нуқсонларга барҳам берилишига олиб келиши шубҳасиз.

Таъкидлаш жоизки, ижобий ўзгаришларга қарамасдан, таълим тизимида ҳамон тизимли муаммолар борлиги, мактабларнинг моддий-техник базаси, айрим педагог ходимларнинг билим ва малакаси бугунги замон талабларига жавоб бермаслиги Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда танқид қилинди. Таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимдир.
Шу мақсадда, мамлакатимизда таълим тизими (мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим)ни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича истиқболли стратегиялар белгиланди.

Хусусан, халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида кўрсатилган 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланган бўлиб, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.
Бутун оламда инсон учун муҳим юмуш фарзандини ўқимишли, зиёли қилиш бўлса, давлат учун энг долзарб иш эса таълимни тўғри йўлга қўйиш, етук кадрларни тайёрлашдир.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз таъкидлаганидек, “Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак”. Чиндан ҳам шундай: бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши шарт. Мана шундагина кўзланган барча юксак мақсадларга эришамиз.
Севара РУСТАМОВА,
ўқитувчи