Халқ соғлиги – энг олий неъмат!
Барчага маълумки, эришаётган ҳар бир ютуғимизда, амалга ошираётган эзгу тадбирларимизда албатта, соғлиқни сақлаш ходимларининг ўз ўрни, мавқеи бор.
Барчага маълумки, эришаётган ҳар бир ютуғимизда, амалга ошираётган эзгу тадбирларимизда албатта, соғлиқни сақлаш ходимларининг ўз ўрни, мавқеи бор. Бу эса ҳозирги пандемия даврида янада яққолроқ ўз аксини топди десак хато бўлмайди.
Шу боисдан ҳам мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг тўлиқ ва мукаммал тизимини яратиш, юртдошларимиз тиббиёт марказлари ва шифохонларда хорижга чиқмасдан даволанишлари учун керакли барча шароитларни яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тиббиёт тизимини янада тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари 1,5 баробарга оширилди.
Тиббий олий ўқув юртлари ва хориждаги нуфузли тиббий-илмий таълим муассасалари ҳамкорлигида 20 та халқаро факультет очилди.
Айни пайтда тиббиёт соҳасидаги 8 та олий таълим муассасалари ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, 1650 та хусусий шифохоналар очилиб, уларнинг сони 5400 тага етди.
Россия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Туркия каби қатор хорижий давлатлар (инвестицияси) инвесторлари билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ замонавий шифохоналар ташкил этилди.
Бугунги кунда чекка ҳудудларда янги очилган 800 яқин Қишлоқ оилавий поликлиникаларда аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез тиббий ёрдам шохобчалари ва ижтимоий дорихоналар ташкил этилди.
Бундан ташқари, 27 та туман-шаҳар намунали ҳолатга келтирилди. 1850 тага яқин «Тез ёрдам» автотранспорти харид қилинди.
Айниқса, соғлом авлод туғилишига эришиш, шунингдек, генофондни мукаммал соғломлаштириш ҳамда фуқароларимизнинг ўртача яшаш умрини узайтиришга эришиш борасида олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистондаги ўртача яшаш умри 73,7 дан 74,6 га узайганлиги, оналар ўлими кўрсаткичи 20,1 дан 19,1 га ва гўдаклар ўлими кўрсаткич 11,5 дан 8,5 га камайганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бу натижалар билан чекланиб қолмасдан, соҳани янада ислоҳ қилиш борасида бир қатор ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз.
Ҳозирги кунда олдимизда турган вазифалардан энг муҳими, 2020-2025 йиллар давомида мажбурий тиббий суғурта тизимига ўтиш, тиббиётда молиялаштириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш.
Ушбу жараён 2021 йилдан Сирдарё вилоятида жорий этилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу соҳани босқичма-босқич такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган. Бугунги пандемия вақтида ҳамюртларимиз тиббиёт заҳматкашларининг олиб бораётган мардонавор ишларига тасаннолар айтмоқдалар. Боиси барчамизга аёнки, улар коронавирус касаллигига чалинган юртдошларимиз саломатлигини тиклаш йўлида кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг шарафли меҳнатлари ҳамиша Юртбошимиз томонидан юксак баҳолаб келинган.
Бахром Рахмоналиев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси