Халқимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, бугуноқ ўз ҳаётида ҳис этишмоқда
Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, инсон омилига энг олий қадриятлардан бири сифатида қаралди, унинг шаъни ва қадр-қимматини эъзозлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш устувор вазифа даражасига кўтарилди.
Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, инсон омилига энг олий қадриятлардан бири сифатида қаралди, унинг шаъни ва қадр-қимматини эъзозлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш устувор вазифа даражасига кўтарилди.

Собир ТУРСУНОВ,
педагогика фанлари доктори
Бунинг учун демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш бош мақсад қилиб белгиланди. Бундан 27 йил олдин қабул қилинган, халқимизнинг мустақиллик ва эркинликни қўлга киритиш йўлидаги тинимсиз интилишлари меваси сифатида дунёга келган Конституциямиз ана шу йўналишдаги чора-тадбирларни ҳаётга изчил татбиқ этишимиз ва эзгу мақсадларимизга эришишимизда муҳим омил вазифасини ўтамоқда.
Миллий давлатчилигимиз тарихига назар ташласак, гарчи улар конституция деб аталмаса-да, давлатнинг бош мақсадини ўзида акс эттирувчи қомусий мақомдаги ҳужжатлар кўп бўлган. Масалан, соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Тузуклар”и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос, алоҳида шаклдаги конституциявий хусусиятга эга ҳужжат ҳисобланган ва минтақа халқлари равнақига кучли ижобий таъсир кўрсатган. Шу нуқтаи назардан айтганда, Бош Қомусимиз ҳам уч минг йиллик тарихга эга миллий давлатчилигимиз тамойиллари негизида яратилди. У ўзида халқимизнинг тарихий анъаналарини ва мустақиллик ҳақидаги кўп асрлик орзуларини мужассам этди. Уни яратиш ҳаракати эса мамлакатимиз ҳали истиқлолга эришмасиданоқ бошланди. 1990 йил 21 июнда Олий Кенгаш қарори билан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар ва мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўз сафига бириктирган комиссия тузилди. У икки йилдан ортиқ вақт мобайнида Конституция лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳужжатнинг дастлабки намунаси матбуотда чоп этилгач, олти мингдан зиёд таклиф-мулоҳаза билдирилди. Лойиҳани такомиллаштиришда улардан ва халқаро тажрибадан кенг фойдаланилди.
Энг муҳими, Бош Қомусимиз шарофати ўлароқ, жамият ва давлат қурилишининг турли жабҳаларидаги муносабатлар, миллий қонунчилигимизни тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий механизм шакллантирилди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти томонидан, Конституция нормаларига мувофиқ, ўнлаб кодекс, юзлаб қонун қабул қилинди, 200 дан ортиқ халқаро шартнома олий ҳокимият доирасида тасдиқланди. Айни чоғда, унинг ўзи ҳам узлуксиз равишда такомиллаштириб борилди.
Ўтган вақт мобайнида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилаётгани унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканини исботлайди. Бу билан шу юртнинг ҳар бир фарзанди ҳар қанча фахрланса, ғурурланса арзийди, албатта.
Айни пайтда ҳам мамлакатимизда Асосий Қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида тинимсиз ислоҳотлар амалга оширилаётгани барчамизни қувонтиради. Бунинг замирида халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда мустаҳкам таъминлаш ётади.
Энг муҳими, халқимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугуноқ ўз ҳаётида ҳис этишмоқда.
Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичида ҳар томонлама чуқур ўйланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилди. Мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди.
Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида ўтган қисқа вақт мобайнида халқимиз турмуш-тарзи, орзу-истакларидан келиб чиқилган юзлаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва уларнинг ижроси қаттиқ назоратга олинди. “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ”, деган ғоя асосида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, тамойили юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Бугун пойтахт Тошкент шаҳридан то мамлакатимизнинг энг узоқ ҳудудида яшаётган юртдошимизга қадар ислоҳотларнинг реал натижасини ўз ҳаётида кўра бошлагани, бу янгиланишлар минглаб оилалар ҳаёти, миллионлаб инсонларнинг онги, қалби ва дунёқараши ўзгаришига ҳам туртки бўлаётгани бунинг яққол исботидир. Президентимизнинг, айниқса, “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга кўтариши баробарида ислоҳотлар таъсирчанлигини янада оширишга, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиши учун янада кенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, бу ишлар Конституциямизнинг асосий тамойиллари рўёбга чиқаётганидан далолатдир.