Халқаро кооперация учун кенг майдон
“Ўзэкспомарказ”да “Марказий Осиё саноат ҳафталиги – Central Asian Industrial Week” халқаро тармоқлараро форуми иш бошлади.
“Ўзэкспомарказ”да “Марказий Осиё саноат ҳафталиги – Central Asian Industrial Week” халқаро тармоқлараро форуми иш бошлади.
Тадбир доирасида “Йўл қурилиши ва махсус техника – UzComak – 2014”, “Тоғ-кон иши – Mining World Uzbekistan – 2014”, “Металлургия ва машинасозлик – Machinery Central Asia – 2014”, “Кимё саноати – Chemie Uzbekistan – 2014”, “Пластмасса саноати – Plastex Uzbekistan – 2014” ва “Полиграфия ва қадоқлаш – O’zbekinprint-O’zupack” халқаро кўргазмалари очилди.
Саноат ҳафталиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзавтойўл” ва “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниялари, Савдо-саноат палатаси томонидан “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияcи ва ITE компаниялар гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Форумнинг очилиш маросимида мамлакатимизда саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда қулай инвестиция муҳитининг яратилгани чет эллик шериклар билан бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида соҳага янги технология ва асбоб-ускуналарни жорий этишга қаратилган 158 инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилаётир. Марказий Осиё саноат ҳафталиги бу борада муҳим аҳамиятга эга. Чунки тадбир янги саноат асбоб-ускуналари, технологиялари, технологик ишланмаларни намойиш қилиш ва таклиф этиш, мамлакатимиз ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тажриба алмашиш учун яхши имкониятдир.
Экспозиция йўналишлар бўйича икки йирик секторга бўлинган. Биринчи сектор тоғ-кон саноати, металлургия, машинасозлик, қурилиш ва махсус техника саноатига бағишланган. Ушбу сектор доирасида кон ишларини амалга ошириш учун мўлжалланган йирик қурилиш техника ва машиналари, иккинчи секторда эса кимё, пластмасса, полимерлар, қадоқлаш ва матбаа саноати ютуқлари намойиш этилмоқда.
Жорий йилда мазкур кўргазмалар экспозициясида Ўзбекистон, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия, Австрия, Италия, Франция, Нидерландия, Янги Зеландия, Польша, Беларусь, Финляндия, Чехия, Швейцария, Швеция, Қозоғистон каби мамлакатлардан юздан зиёд компания маҳсулотлари ўрин олган.
Бу ерда турли саноат тармоқлари учун мўлжалланган энг сўнгги ишланма ва кенг турдаги ускуналар тақдим этилган.
Тоғ-кон иши иқтисодиётимизнинг энг муҳим тармоқларидан биридир. Мамлакатимиз тоғ-кон саноатига инвестицияларнинг жалб этилаётгани ва янги технологияларнинг жорий қилинаётгани тармоқни изчил ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Тўққизинчи марта ўтказилаётган “Mining World Uzbekistan” халқаро кўргазмасига хорижлик иштирокчиларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётгани ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик муҳимлиги ва истиқболли эканидан далолат бермоқда. Кўргазма экспонентлари орасида кончилик, майдалаш-саралаш, бурғулаш ускуналари ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, геология-қидирув ва тоғ-кон саноати учун турли ечимлар ишлаб чиқувчилар бор. “Micromine” (Австралия), “Bauer”, “Hausherr” (Германия), “Henan Liming Heavy”, “Zheng Zhou Vipeak Heavy Industry Co.”, “Shanghai Jianye” (Хитой) компаниялари кўпчилик иштирокчилар эътиборини тортмоқда.
– Компаниямиз тоғ-кон саноати учун хавфсизлик технологиялари ва индивидуал ҳимоя воситаларини етказиб беради, – дейди Германиянинг “Dräger Safety AG & Co. KGaA” компанияcи техник менежери Франк Шуберт. - Ўзбекистоннинг йирик компаниялари билан бир неча йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз. Мамлакатингизда нафақат кончиликни ривожлантириш, балки замонавий хавфсизлик меъёрларига риоя этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса тармоқни ривожлантиришда муҳим омилдир.
Кўргазмаларда мамлакатимизнинг қатор компаниялари ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар орасида “Toshelektroapparat” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотлари алоҳида ажралиб турибди. Бу ерда юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий кончилик асбоб-ускуналари намойиш қилинган. Мазкур корхона ишланмаларига нафақат Ўзбекистон, балки кўплаб хорижий мамлакатларда ҳам талаб юқорилиги ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини янада кенгайтиришни рағбатлантирмоқда.
“Machinery Central Asia – 2014” еттинчи халқаро кўргазмасида тоғ-кон саноатини ривожлантириш тенденциялари, шунингдек, соҳа вакилларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган қизиқиши ёрқин намоён этилмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинати ҳузуридаги “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланган ўзига хос НТ 250 МР токарлик дастгоҳи иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Завод МДҲ мамлакатларига ўн турдан зиёд дастгоҳларни экспорт қилмоқда, уларни таъмирлаш хизматларини кўрсатиб, эҳтиёт қисмлар билан таъминламоқда.
Мамлакатимизда йўл қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Магистрал йўллар қуриш, халқаро транспорт алоқасини янада кенгайтириш, соҳага илғор техника ва технологияларни жорий этиш, етук мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “UzComak – 2014” олтинчи халқаро кўргазмаси йўл қурилиши ва коммунал хўжалигининг барча замонавий йўналишларини ўз ичига олган.
Кўргазмада JCB (Буюк Британия), “Bomag” (Германия), “Controls s.r.l.” (Италия), “Xuanhua Construction Machinery Co.” (Хитой), “Marini” (Туркия) каби таниқли компаниялар қатнашмоқда. “JV MAN Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси йўл қурилиши техникаси, асфальт-бетон ускуналари, бульдозерлар, кўчма асфальт заводлари ва замонавий геоматериалларни кенг намойиш этмоқда.
– Ўзбекистонда автомобиль йўллари қуриш ва таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўламининг кенгайиб бораётгани қурилиш материаллари ва янги технологияларга бўлган талабни оширмоқда, – дейди “Metso Minerals AB” (Швеция) компанияcининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жамшид Шокиров. – Мамлакатимиз компаниялари замонавий ускуналардан фойдаланиб, юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Бунинг самарасида сўнгги йилларда Ўзбекистон қурилиш материаллари бозорида рақобат сезиларли ошиб бормоқда.
Мамлакатимиз кимё саноати ҳам изчил ривожланмоқда. Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияcи юқори қўшимча қийматга эга янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, мавжуд қувватларни модернизация қилиш борасида 14 лойиҳани ишга тушириш арафасида турибди. “Chemie Uzbekistan – 2014” ва “Plastex Uzbekistan – 2014” кўргазмалари экспозицияларида кимё саноати ва пластмасса ишлаб чиқаришни ривожлантириш тенденциялари акс этган. Бу ерда кимё саноатининг йирик вакиллари, пластмасса ва полимер саноатининг етакчи корхоналари, махсус ускуналар ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотини намойиш қилмоқда.
“Central Asian Industrial Week” доирасида “Полиграфия ва қадоқлаш – O’zbekinрrint-O’zupack” ўн олтинчи халқаро кўргазмаси ўтказилмоқда. Унинг экспозицияси соҳа вакиллари, саноатчилар ва иқтисодиётнинг деярли барча тармоқлари ишлаб чиқарувчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Чунки ҳар қандай маҳсулотни тақдим этиш ва сотишда матбаа ҳамда қадоқлаш хизматлари муҳим ўрин тутади. Кўргазма иштирокчилари орасида “Credo Рrint Group”, “Premium Flex”, “Poligraf Classic”, “Sharq” НМАК (Ўзбекистон), “Selvex”, “Aucouturier” (Франция), “Guangzhou OK Machinery Manufacturing Co.”, “Ningbo Xiongxin Plastic Machinery Co.” (Хитой) каби маҳаллий ва хорижий корхоналар бор.
Халқаро кўргазмалар иштирокчиларининг таъкидлашича, “Central Asian Industrial Week” халқаро форумининг ўтказилиши тажриба алмашиш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, турдош саноат тармоқлари вакиллари ўртасида узоқ муддатли шартномалар тузиш учун хизмат қилади.
Марказий Осиё саноат ярмаркаси дастури доирасида тақдимот маросимлари, давра суҳбатлари, иштирокчилар ҳамда мутахассислар ўртасида музокаралар ўтказилади.