Халқаро кўргазмалар иш бошлади
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да “Қурилиш – UzBuild – 2015”, “Мебель, ишлаб чиқариш технологиялари, интерьер ва дизайн – MebelExpo Uzbekistan – 2015” ва “Иситиш, вентиляция, совутиш тизимлари, сув таъминоти, сантехника ва бассейнлар – Aqua-Therm Tashkent – 2015” халқаро кўргазмалари очилди.
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да “Қурилиш – UzBuild – 2015”, “Мебель, ишлаб чиқариш технологиялари, интерьер ва дизайн – MebelExpo Uzbekistan – 2015” ва “Иситиш, вентиляция, совутиш тизимлари, сув таъминоти, сантехника ва бассейнлар – Aqua-Therm Tashkent – 2015” халқаро кўргазмалари очилди.Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазмаларнинг очилиш маросимида қурилиш ва мебелсозлик иқтисодиётимизнинг истиқболли ва жадал ривожланаётган тармоқлари экани таъкидланди. Мамлакатимизда янги саноат объектлари, турар жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўл ва кўприклар, ижтимоий инфратузилма объектлари бунёд этилмоқда, мавжудлари реконструкция қилинмоқда. 2014 йилнинг шу даврига нисбатан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 113 фоизни ташкил этгани ҳам мамлакатимизда мазкур тармоқ тараққий этиб бораётганини кўрсатади. Айни пайтда юртимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг 70 фоиздан ортиғи қурилиш материаллари саноатига йўналтирилмоқда.
Президентимизнинг 2005 йил 24 мартда қабул қилинган “Қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантириш тўғрисида”ги фармони ва 2010 йил 17 июнда имзоланган “Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қурилиш ишлари ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётгани ушбу соҳани изчил модернизациялаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий қилишни тақозо этмоқда.
Пойтахтимизда анъанавий ўтказиб келинаётган қурилиш, мебель ишлаб чиқариш, интерьер ва дизайн, иситиш-совутиш тизимлари, сув таъминоти, сантехника ҳамда бассейнларга ихтисослашган халқаро кўргазмалар ушбу соҳалардаги замонавий технологиялар билан танишиш, янги шериклар топиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш учун кенг имконият яратмоқда.
“UzBuild – 2015” ва “Aqua-Therm Tashkent – 2015” кўргазмаларида Ўзбекистон, Америка Қўшма Штатлари, Хитой, Жанубий Корея, Австрия, Германия, Франция, Швейцария, Дания, Испания, Италия, Польша, Беларусь, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Қозоғистон, Финляндия, Эрон каби дунёнинг 20 мамлакатидан қурилиш материаллари, иситиш тизимлари учун мосламалар, хомашё ва бутловчи қисмлар етказиб бериш, қўшимча турдош товарлар савдоси билан шуғулланадиган 164 дан ортиқ компания ва фирма ўз маҳсулотлари ҳамда хизматларини тақдим этмоқда.
– Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатининг ривожлантирилаётгани соҳада ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратмоқда, – дейди “Gulf Prompt Partners” компаниясининг (Бирлашган Араб Амирликлари) мижозлар билан алоқалар бўйича менежери Пармида Мори. – Алюминий профилидан эшик ва ром ишлаб чиқарадиган ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйдик. Бу алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.
Қурилиш саноатида эришилган ютуқ ва натижаларни сарҳисоб этиш, бу борада соҳа мутахассислари билан фикр ва тажриба алмашиш, ўзаро манфаатли шартномалар имзолашда мамлакатимизда ўн олтинчи марта ўтказилаётган “UzBuild” кўргазмаси муҳим аҳамият касб этади. Кўргазмада намойиш қилинаётган маҳсулотлар ва таклиф этилаётган хизматлар хилма-хиллиги билан аввалгиларидан ажралиб туради. Қурилиш материаллари ва ускуналари, иситиш ва вентиляция тизимлари, эшик-ром, лок-бўёқ, том ёпиш материаллари, пол қопламалари, бетон блоклар, лифтлар, бутловчи қисмлар, ёритиш техникаси сингари экспонатлар кўргазмага ташриф буюрганлар эътиборини тортмоқда.
– Корхонамиз қуруқ қурилиш қоришмалари, шпатлёвка, сувоқ материаллари ва турли елимлар ишлаб чиқаради, – дейди “Razata” масъулияти чекланган жамияти директори Акмал Зиёев. – Ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашёдан фойдаланилмоқда. Шу боис маҳсулотларимиз нархи хорижникига қараганда анча арзон. Маҳсулотларимизни МДҲ мамлакатларига экспорт қилишни йўлга қўйдик. Келгусида экспорт географиясини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
“Aqua-Therm Tashkent” кўргазмасининг асосий мақсади бино қуриш ва улардан фойдаланишда ҳавони совутиш, иситиш ҳамда сув таъминоти учун тизимли ечимлар соҳасидаги эҳтиёжни таъминлашдан иборатдир. Мазкур тадбирнинг ўтказилиши ғоят долзарб аҳамиятга эга. Чунки мамлакатимиз иқлим шароити иссиқлик таъминоти, ҳавони совутиш ва сув етказиб бериш бўйича самарали муҳандислик ечимлари жорий этишни талаб қилади.
“Aqua-Therm Tashkent – 2015” тўртинчи халқаро кўргазмасида ушбу саноат тармоғи томонидан тақдим этилаётган кенг турдаги маҳсулотлар билан танишиш имконияти мавжуд. Чунончи, “Termi Pro” ва “Silver-Nile” каби йирик ишлаб чиқарувчилар ҳамда дистрибьюторлар сув тозалаш тизимлари, фильтрлар, сув иситиш асбоблари, зиналар, шунингдек, кафель, жакузи каби маҳсулотларни намойиш қилмоқда. Компаниялар вакиллари турли агрегатларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш борасида тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.
– Ўзбекистон қурилиш бозорида замонавий товар ва хизматлар тақдим этилмоқда, – дейди Жанубий Кореянинг “Youngsan Glonet” корпорацияси савдо менежери Ким Жун Вон. – Кўргазмаларда намойиш этилаётган маҳсулотларнинг хилма-хиллиги ва сифати ҳам шундан далолат бермоқда. Мамлакатингиз бозоридаги кучли рақобатни инобатга олган ҳолда, компаниямизнинг энг яхши ишланмаларини тақдим этмоқдамиз.
Мамлакатимизда мебель ишлаб чиқариш сўнгги йилларда жадал ривожланиб, иқтисодиётнинг ушбу сектори салоҳияти ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Корхоналарда замонавий технологиялардан фойдаланиш натижасида жаҳон стандартларига мос маҳсулот турлари кенгаймоқда.
Ўн иккинчи бор ташкил ўтказилаётган “MebelExpo Uzbekistan – 2015” кўргазмаси мебелсозлик ва ёғочга ишлов бериш саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Кўргазмада уй ва офис мебеллари, мебель фурнитураси, уларни ишлаб чиқариш ва ёғочга ишлов бериш ускуналари, интерьер ва дизайн буюмлари каби маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Кўргазмада 15 мамлакатдан 70 фирма ва компания ўз маҳсулотлари билан қатнашаётир. Йирик ишлаб чиқарувчи ва мебель ускуналари дистрибьюторлари бўлган “Arhar Engeneering” ва “Altendorf” ҳамда бошқа корхоналар бу ерда ўз дастгоҳларини омма эътиборига ҳавола қилмоқда. Тайёр мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар орасида мамлакатимиз компаниялари етакчилик қилмоқда. Жумладан, “Eman”, “Viva Deluxe” ва “Sharq Mebel” компанияларининг бежирим ва сифатли мебеллари нозик дидли экспертларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти.
– 10 йил мобайнида корхонамиз фаолияти қарийб ўн баробар кенгайди, – дейди “Sharq Mebel” масъулияти чекланган жамиятининг савдо-сотиқ бўйича менежери Дилшод Носиров. – Айни пайтда нафақат мебель, балки унинг таркибий қисми ва фурнитураларини ҳам ишлаб чиқаряпмиз. Шунингдек, бошқа корхоналарга хизмат кўрсатмоқдамиз. Экспорт салоҳиятимиз ҳам тобора ошиб бормоқда. Бу давлатимиз томонидан хусусий тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланаётгани самарасидир.
Мухтасар айтганда, кўргазмалар мамлакатимиз тадбиркорлари, ишлаб чиқарувчилари ва хорижий иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, чет эл инвестициялари ва иқтисодиётимизни равнақ топтириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун замонавий технологияларни жалб этиш борасида қулай имконият яратмоқда.