Халқаро экспертлар Ўзбекистон тажрибасига юқори баҳо беришмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси ўтказилади.
Аввал хабар берганимиздек, Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси ўтказилади.
Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида “Валдай” халқаро мунозара клубининг Ўзбекистон – Россия махсус сессияси бошланиш арафасида.
ЎзА мухбири тадбир доирасида хорижий экспертлар, сиёсатшуносларнинг конференция ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
Тимофей БОРДАЧЕВ, “Валдай” халқаро мунозара клуби дастурий директори, Кенг қамровли Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази илмий раҳбари:
– “Валдай” халқаро мунозара клубининг Самарқандда ўтказилаётган навбатдаги конференцияси Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро ҳамкорлик йўлида интеграция жараёнларига интилиши масалаларига бағишланади. Минтақанинг “юраги” – Самарқанд шаҳри мезбонлик қилаётган мазкур анжуман қатнашчилари ўз фикр-мулоҳазалари орқали мазкур саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссаларини қўшиш истагида. Минтақадаги экспертлар ва “Улкан Осиё” интеллектуал жамоатчилиги иштирокида ўтаётган ушбу форумнинг мақсади ва кўлами кенг.

Ирина ЗВЯГЕЛЬСКАЯ, Россия Фанлар академияси Е.Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг “Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази” лабораторияси раҳбари:
– Марказий Осиёда миллий давлатчилик қайта тикланиши ва ривожланиши жараёнида мустақил тараққий этиш тажрибаси сиёсий нуқтаи назардан юксалиш босқичига етиб келди. Бу йўлда зарур ислоҳотларни амалга оширишга тайёрлик кўриш, шу билан бирга, ўз манфаатларини дадиллик, қатъий илгари суришдаги аниқ ҳаракатлар намоён бўлмоқда.
Таъкидлаш жоиз, айни вазиятда Ўзбекистон тажрибаси кўпчилик учун ўрнак бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириши бунда муҳим омил бўлмоқда.