Кейинги босқичда меморандум имзоланади
Жорий йилнинг июнь ойида Хитой Халқ Республикасининг Ҳебеи провинцияси халқаро ишлар бўйича марказий директори жаноб Фан Шелинг ҳамда “Жинсангқи Холдинг Гроуп” компанияси директори жаноб Хиао Жинқилар Сирдарё вилоятининг Гулистон давлат университетига расмий ташриф буюришди.
Ташриф доирасида меҳмонлар университетнинг таълим жараёнлари, моддий-техник базаси ва талабалар ҳаёти билан яқиндан танишдилар.
Меҳмонларни университет ўқув ишлари бўйича проректори Фазлиддин Шарифов ҳамда Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Гулжаҳон Норимова кутиб олишди. Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, онлайн ва офлайн курслар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат самимий ва амалий руҳда ўтди.

Шунингдек, делегация аъзолари университет кутубхонаси, кулолчилик маркази ва бошқа таълим-илмий иншоотлар фаолияти билан танишиб, уларда яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо бердилар. Меҳмонлар айниқса университетдаги ижодий муҳит, талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган шароитлар ва илмий фаолиятга катта қизиқиш билдиришди.

— Ушбу ташриф университетимиз ва Ҳебел провинцияси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим, фан ва инновациялар соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим пойдевор яратади. Шу билан бирга, талабалар ва ўқитувчилар учун халқаро майдонда тажриба алмашиш имкониятини очади, — деди Гулистон давлат университети Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Гулжаҳон Норимова.

Ташриф якунида делегация вакиллари икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифлар билдиришиб, кейинги босқичда меморандум имзолаш юзасидан музокаралар ўтказишга келишиб олишди.
Ушбу учрашув Гулистон давлат университетининг халқаро алоқаларини кенгайтириш, нуфузли хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири